Республика перинатал маркази карантинга ёпилди
16 апрель куни Тошкент педиатрия тиббиёт институти қошидаги Республика перинатал марказида (СамПИ) ҳомиладор аёллардан бирида коронавирус аниқланган ва марказ карантинга ёпилган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов маълум қилди.
АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилинишича, ушбу аёл махсус ажратилган 3-туғруқхона биносига ўтказилган ва марказ карантин учун ёпилган.
Ходимлар ва бошқа беморларни таҳлил қилишда коронавирус аниқланмаган ва марказни очиш масаласи карантин қоидаларига мувофиқ ҳал этилиши белгиланган.
Брифингда вазирлик вакили айни пайтгача Ўзбекистонда 100 мингдан ортиқ киши коронавирус бўйича тест қилингани, яқин вақтлар ичида ушбу рақамлар ярим миллионга етказилиши режалаштирилгани ҳам маълум қилинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳридаги 6-сонли туғруқхона карантинга ёпилган эди. Шунингдек, Тошкентдаги 7-шаҳар клиник шифохонаси ва 8-оилавий поликлиника ҳам карантинга олинган.