Айни вақтда қатор давлатлар ҳукуматлари Covid-19’дан соғайганларга ишга қайтиш ва жамоат транспортидан фойдаланишга рухсат бериш имкониятларини кўриб чиқмоқда.

Аммо ЖССТ бундай қарор тузалиб чиққан одамлар хавфсизлик чораларини қўллашни тўхтатиши туфайли касалланиш даражасини ошириши мумкинлигидан хавфсирамоқда.

Айни вақтга келиб дунё бўйлаб вирусдан зарарланиш ҳолатлари сони 3 миллионга яқинлашди, қурбонлар сони 200 мингдан ошган. Қатъий карантин чоралари жаҳон иқтисодиётига бемисл даражада зарар келтирди.

ЖССТ айнан нима деди?
«Айни вақтда коронавирусга чалиниб, кейин тузалган ва антитана ҳосил қилганлар вирусни қайта юқтиришдан ҳимояланганига ҳеч қандай далил йўқ», - дейилган ЖССТ баёнотида.

Швеция - қатъий карантин жорий этмаган давлатлардан бири / AFP

Бу мавзу бўйича кўплаб тадқиқотлар шуни кўрсатдики, касалликдан тузалганларнинг қонида антитаналар шаклланади, аммо баъзиларда бундай антитаналар даражаси жуда паст бўлиши мумкин.

Фаразларга кўра, Covid-19 билан касалланган бемор тузалиши учун унинг танасидаги иккинчи ҳимоя механизми, ҳужайра иммунитетини тартибга солувчи ва мутацияга учраган ёки бегона ҳужайраларни йўқ қилувчи Т-ҳужайралари ёки Т-лимфоцитлари ўта муҳим.

24 апрель ҳолатига кўра, бирорта тадқиқот инсон қонида SARS-CoV-2 коронавирусига қарши антитаналар ҳосил бўлиши такрорий касалланишдан ҳимояловчи иммунитет мавжудлигини тасдиқловчи хулосалар бермаган.

ЖССТ томонидан таъкидланишича, айни вақтда антитаналарни аниқлаш учун ўтказилаётган лаборатория тешкирувлари аниқлигига ишонч ҳосил қилиш керак. Бундан ташқари, бундай тестлар ҳозирги пандемияни келтириб чиқарган SARS-CoV-2 вируси ва аввалги коронавируслардан фарқлаш керак.

Қандай давлатлар иммун паспортлари бериши мумкин?

AFP

Ўтган ҳафтада Чили ҳукумати коронавирусдан тузалганлар учун «соғлиқ ҳолати паспорти» берилиши ҳақида маълум қилганди. Унга кўра, шифохонадан жавоб берилганларнинг қонида антитана ҳосил бўлган бўлса, уларга ишга қайтишга рухсат берилади.