Тошкент вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари алмашди
Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматовнинг 23 апрелдаги қарорлари билан, ҳокимнинг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари ўзгарди. Бу ҳақда ҳокимлик ахборот хизмати Kun.uz'га маълум қилди.
Бу лавозимда ишлаб келган Шерматов Камолиддин Мамурович вазифасидан озод этилди. У 2019 йил 7 сентябрда ушбу лавозимга тайинланган эди.
Вилоят ҳокимлиги ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари вазифасини бажарувчи сифатида ишлаб келган Алимбеков Ботир Баҳодирович ҳокимнинг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.
Тайинлов учун Президент Администрациясидан 23 апрель куни розилик хати олинган.
Ботир Алимбеков 1978 йилда Тошкент вилояти Зангиота туманида туғилган. Тошкент давлат аграр университети, Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган. Мутахассислиги – зоомуҳандис, иқтисодчи (қишлоқ хўжалиги).
Алимбеков фаолияти давомида давлат солиқ инспектори (2002-2005), «Қишлоқхўжаликкимё» ҳудудий АЖ мутахассиси, туман филиали мудири, раис ўринбосари ва бошқарув раиси (2005-2016), Тошкент вилояти қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи (2016-2017), «Тошкентагрокимёҳимоя» ҳудудий АЖ директорининг биринчи ўринбосари ва жамият директори (2017-2019) лавозимларида ишлаган.