Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда май ойи охиригача ўпканинг сунъий вентиляция аппаратлари ишлаб чиқариш бошланади - Вазирлик
Бектемир туманида ўпканинг сунъий вентиляцияси аппарати (ИВЛ) ва наркоз-нафас олиш аппарати (НДА) ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Хирана Азия” Словакия-Россия-Ўзбекистон қўшма корхонаси ташкил этилган бўлиб, корхона май ойининг охиригача ИВЛ ишлаб чиқаришни бошлайди.
Бу ҳақида Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот котиби Назокат Абдуқундузовага асосланиб, Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Словакиянинг Chirana компанияси ва россиялик ҳамкорлар билан биргаликда ўпканинг сунъий вентиляцияси аппаратлари (ИВЛ) ишлаб чиқариш бўйича технологиялар трансфери амалга оширилмоқда. Тошкент шаҳри Бектемир туманида ўпканинг сунъий вентиляцияси аппарати (ИВЛ) ва наркоз-нафас олиш аппарати (НДА) ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Хирана Азия” Словакия-Россия-Ўзбекистон қўшма корхонаси ташкил этилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 6 млн долларга тенг бўлиб, 100дан ортиқ иш ўрнига эга. Жорий йил май ойининг охирига қадар корхонада ИВЛ ишлаб чиқариш бошланади.
“ИВЛ аппаратлари дунё бўйича 12та мамлакатда ишлаб чиқарилади. “Хирана” компаниясининг аппаратлари бошқа компания моделларидан фарқли равишда бир босқичли эмас, уч босқичли вентиляцияни амалга оширади.
Шу билан бирга, мазкур лойиҳа доирасида Ўзбекистонга умумий қиймати 20 минг АҚШ доллари бўлган 1000 дона нафас олиш контурлари, 500 дона намлик коллектори билан нафас олиш контурлари ва 1000 дона бир мартали бактериал-вирусли фильтрлар беғараз фойдаланиш учун топширилади”, деди Назокат Абдуқундузова 28 апрел куни ўтказилган брифингда.
Матбуот котибига кўра, Ёшлар Академияси стартап платформасида оксигенация ниқоби ва клапанининг 3D моделлари тайёрланган бўлиб, уларни 3D принтерлар ёрдамида ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.