Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган сунъий нафас бериш аппарати фойдаланишга топширилди
Словакия-Россия-Ўзбекистон ҳамкорлиги асосидаги Chirana Asia қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган ўпкага сунъий юбориш аппарати (ИВЛ) фойдаланишга топширилди.
Тадбирда маълумот берилишича, бугунги кунда бундай аппаратлар дунёнинг 12та мамлакатида ишлаб чиқарилади, эндиликда Ўзбекистон ҳам шу мамлакатлар сирасига кирмоқда.
Инновацион ривожланиш вазирлиги бошқарма бошлиғи Жамолиддин Бобохоновнинг сўзларига кўра, бундай аппаратларни ишлаб чиқариш Словакия ва Россиядан жалб қилинган тўғридан тўғри инвестициялар асосида йўлга қўйилган бўлиб, лойиҳанинг умумий қиймати 6 млн АҚШ долларига тенг.
«Бошқа компанияларда ишлаб чиқариладиган ўпканинг сунъий вентиляцияси аппарати икки босқичли вентиляцияни таъминласа, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган мазкур ускуна уч ва кўп босқичли вентиляция таъминотига эга. У ўпканинг табиий нафас жараёнидан фарқ қилмайдиган вентиляцияни таъминлайди, беморнинг ўпкасига ҳеч қандай зиён етказмайди», дея Жамолиддин Бобохоновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Маълум қилинишича, Chirana Asia қўшма корхонаси жорий йилнинг 26 августида ишга тушади ва республикадаги талабдан келиб чиққан ҳолда сунъий нафас юбориш аппаратларини ишлаб чиқариш бошланади. Лойиҳа ишга тушиши натижасида вентиляция аппаратига бўлган маҳаллий эҳтиёжни қондириш билан бирга қўшни давлатлар – Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Афғонистонга экспорт қилиш имконияти ҳам яратилади.
«Қўшма корхона наркоз-нафас олиш аппаратларини ҳам ишлаб чиқаради. Корхона бир йилда 1000та ўпканинг сунъий вентиляцияси аппарати ва 1000та наркоз-нафас олиш аппаратини ишлаб чиқариш қувватига эга.
Шунингдек, лойиҳанинг йил якунида ишга тушадиган иккинчи босқичида саратонни эрта босқичларда аниқлайдиган тестлар ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Чунки Ўзбекистонда саратон касалликларини ўз вақтида аниқлаш борасида муаммолар мавжуд. Бу тестларнинг Ўзбекистонда ишлаб чиқарилиши эса ҳам нарх, ҳам вақт жиҳатидан ютиш имконини беради», дея таъкидлаган вазирлик расмийси.
Ўпканинг сунъий вентиляцияси аппаратини тақдим этиш чоғида Словакия ҳамкори томонидан Ўзбекистонга 1000 дона нафас олиш контури, 500 дона намлик коллектори билан нафас олиш контури ва 1000 дона бир марталик бактериал-вирусли фильтр беғараз фойдаланиш учун топширилди.
Аппаратни Словакия ва Россия ҳамкорларидан қабул қилиб олган Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов уни Тошкент шаҳридаги 1-сонли республика шифохонасига фойдаланиш учун топширди.
Мавзуга оид
20:03 / 06.09.2024
“Сувдан ҳам жиддийроқ муаммо – ернинг шўрланиши бўляпти” - қишлоқ хўжалиги вазири
19:57 / 20.01.2024
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири халқаро форумда иштирок этди
13:37 / 25.10.2023
Қишлоқ хўжалиги вазирлигига янги раҳбар тайинланди
12:15 / 09.06.2023