Ўзбекистонда карантин чекловлари эълон қилинганига қарамай, «Бунёдкор» маҳалласида қурилган аҳоли уй-жойларини бузиб ташлаш туман ҳокимлиги учун қийин бўлмади. Воқеага гувоҳларидан бири Шавкат Бобожоновнинг Kun.uz'га айтишича, жараён пайтида аҳоли томонидан қаршилик кўрсатиш имконияти ҳам йўқ эди.
«Бульдозерлар овозини эшитиб ташқарига чиқдик, нотаниш шахслар ўтиб кетганини кўрдик, уларнинг ортидан югурдик. Қаршилик қилишимизга қарамай, туман ҳокими ўринбосари Азиз Акромов, туман прокурори Рашидов ишларга бошчилик қилди. Агар аҳоли қаршилик қилса, карантин тартибини бузиш важи билан қамалиши мумкин эди. Бунинг учун автобус ҳам келтирилганди. Бузилиш бошлангач, мутасаддилар саволларимизга жавоб қайтармай машинага ўтириб, индамай кетиб қолишди», дейди Бобожонов.

28 апрель куни тушдан сўнг бузилган уй-жой олдида туман ҳокими ўринбосари Азиз Акромов ҳамда аҳоли вакиллари суҳбати ташкил этилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Дилрабо Холбоева ва Расул Кушербаев ҳам иштирок этди.
«Бу ердаги аҳоли ўтган йил бошларида мурожаат билан менга чиқишганди. Мурожаатни ўрганиш давомида маълум бўлдики, туман ҳокими қарори билан 2003-2005 йилларда «Янгийўл» ширкат хўжалиги ҳисобидан аҳолига ер ажратиб берилган. Уларнинг бир қисми ўз вақтида қурилиш қилган, бошқалар қилмаган. Орадан кўп вақт ўтиб, бу ерлар суғориладиган ер экани, қурилмалар эса ўзбошимча амалга оширилгани ҳақида важ пайдо бўляпти. Ҳокимлик билан мулоқотда бўлганимда аҳоли қўлидаги қарор ва бошқа ҳужжатлар сохта экани айтилди. Аммо архивдан олган маълумотимга кўра, ҳужжатлар қонунийлиги маълум бўлди.

Шундай кейин, менда шубҳа пайдо бўлди: агар бу ҳужжатлар сохта бўлиб, ўзбошимча қурилиш қилинган бўлса, ўтган йиллар давомида сўрови бўларди-ку? Умуман, ўзбошимча сўзини буларга нисбатан қўллаш нотўғри-ку? Негаки, булар қонуний ажратилган ерга бино қурган», дейди депутат.
Ҳоким ўринбосарининг айтишича, фуқаролар суғориладиган унумдор қишлоқ хўжалиги майдонига уй-жой қуриб, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигига путур етказган. Бундан ташқари, уларнинг тасарруфидаги ҳужжат ҳам сохта экани иддао қилинди.
«Бу жойлар бўйича икки йил ичида ўрганишлар бўлди. Огоҳлантиришимизга қарамасдан, аҳоли ерларни ўзбошимчалик билан ўзлаштирмоқда. Яқин-яқингача бу ер боғ эди. Қайсидир мансабдор шахс манфаатиданми, бу ер фермерга бириктирилмай қолган. Аҳолининг уй-жой қуришига эса шароит яратиб берган. Ўрганишлар давомида тўпланган ҳужжатлар прокуратурага топширилган, шу юзасидан жиноят иши очилган», дея маълумот берди у.





















