Naked Science нашри South China Morning Post маълумотларига таяниб ёзишича, йўловчилар оқимининг кескин ошиши Хитой Халқ Республикаси ташкил топган кун муносабати билан байрам сафарларига талаб ортгани билан боғлиқ.
Мамлакатнинг энг йирик темирйўл тугунларидан бири ҳисобланган Гуанчжоу жанубий вокзали бир суткада 1252 та поездга хизмат кўрсатган. Бу 24 соат ҳисобида ўртача ҳар соатига 52 тадан ортиқ поезд дегани.
Энг тиғиз пайтларда поездларни жўнатиш оралиғи 40 сониягача қисқарган. Мазкур кўрсаткич вокзал миқёсидаги қатновларга тааллуқли.
Шу куни Хитой темирйўл тармоғи бўйича ҳам рекорд натижа қайд этилган — бир суткада 25,2 миллион йўловчи қатнови амалга оширилган.
China State Railway Group давлат темирйўл корпорацияси сентябр охиридан октябр бошигача бўлган даврда жами 284 миллион йўловчи қатновини кутган. Бу кўрсаткич алоҳида шахслар сонини эмас, амалга ошириладиган сафарлар сонини англатади.















