Ўзбекистон | 01:38 / 30.04.2020
34694
2 дақиқада ўқилади

Президент Рамазон ҳайити муносабати билан кўп сонли маҳкумларни афв этиши кутилмоқда — манба

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Рамазон ҳайити муносабати билан анъанага мувофиқ, навбатдаги афвни эълон қилиши кутилмоқда.

Kun.uz`нинг бир нечта манбаси берган маълумотга кўра, Ҳайит муносабати билан эълон қилинадиган афв бирмунча каттароқ миқёсда бўлиши, тузалиш йўлига қатъий ўтган кўплаб маҳбусларни қамраб олиши мумкин.

Сўнгги марта президент фармони билан 6 март куни Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган 83 нафар маҳкума аёллар афв этилган эди.

Шу йил 5 февралда эса президент фармони билан билиб-билмай жиноят содир этган, ҳозирги вақтда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган жазо муддатини ўтаётган 58 нафар фуқаро афв этилган эди. 2019 йил 6 декабрда конституция куни муносабати билан 92 нафар фуқаро афв этилганди.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 28 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида мамлакатимизда маҳбусларни афв этиш институти жорий этилгани, сўнгги уч йилда етти марта афв эълон қилингани ва бунинг натижасида қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган 4 мингга яқин маҳбус жазони ўташ жойларидан озод этилганини маълум қилган эди.

Мавзуга оид