Гулистон ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатига 2 май ҳолатига кўра 374 киши жойлаштирилган.
Мактаб-интернат директори Сирожиддин Муҳаммадиевнинг айтишича, айни пайтда Гулистон шаҳридаги жами 11та муассасада кўчириб келтирилганларга зарурий шарт-шароит яратишга ҳаракат қилинмоқда.

«Кунларини мароқли ўтказишлари учун баҳоли қудрат шароитлар яратиб, яхши эътибор қаратяпмиз. Мактабимиз спортга ихтисослашгани учун шароитимиз бор – жиҳозларимиз етарли. Шахмат, стол тенниси, волейбол, баскетбол спорт турлари бўйича мусобақалар ташкил этяпмиз», – дейди интернат директори.
Эвакуация қилинган онахонлардан бирини суҳбатга тортдик.

«Бунақа бўлишини кутмагандик, албатта. Мана, уйдан чиқиб кетганимизга икки кун бўляпти. Бу ерда яхши қарашяпти. 3-4 маҳал овқат.
Ўзимиз билан олиб олган нарсалар асосан фақат ҳужжатлар бўлди. Бунақа пайтда одам шошиб қоларкан. Барибир одам уйини ўйларкан. Нима қилай, бошқа иложи йўқ», – дейди онахон.
Сув босган ҳудуддаги намунавий уйлардан бирининг эгаси Азизбек Исломов хонадонини 2017 йилда олганини айтади.

«2015 йилда Бухородан хизмат сафари билан келиб, шу ерда қолгандим. 2017 йилда шу ердаги намунавий уйлардан бирини олганман. 1 май куни тонг саҳарда ҳовлида ишлаётганимда маҳалла посбони чақируви билан кўчага югуриб чиқдим. «Болаларни олиб ташқарига чиқинглар, эвакуация бошланди. Сардоба сув омборидаги 6-пикетдан сув чиқиши оқибатида сув босиб келяпти», деган хабарни эшитдик.
Болаларим, оила аъзоларим билан югурганимизча кўчага чиқдик. Ички ишлар ходимлари, маҳалла посбонлари юк автомобилини ташкил этиб беришди, унда Мирзаобод туманига етиб келдик. У ердан автобусга чиқиб, Гулистон шаҳридаги мактаб-интернат ётоқхонасига келдик, шу ерга жойлаштиришди.
Ётоқхонага келганимизда бизни яхши кутиб олишди. Сан-эпидемиология станцияси ходимлари ҳароратимизни, қон босимимизни ўлчаб журналга қайд этиб қўйишди», – дейди Азизбек Исломов.




















