9 август куни Сирдарё вилояти Ховос тумани «Пахтакор» МФЙ ҳудудида даҳшатли авария рўй берди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда М-34 автомобил йўлининг Тошкент-Янгиер йўналишида тўқнашув оқибатида кучли ёнғин рўй бергани акс этган.
Kun.uz манбаси маълум қилишича, Хитой фуқароси, Мирзаобод туманидаги хусусий компания ҳайдовчиси бошқарувидаги SHACMAN русумли юк машинаси йўлнинг иккинчи бўлагидан ортга қайрилмоқчи бўлган. Лекин биринчи бўлакда келаётган «Каптива»ни ўтказиб юбормасдан бурилган ва тўқнашув содир бўлган.
Тўқнашувдан кейин «Каптива» дарҳол ёниб кетган, воқеа жойига ўт ўчирувчилар чақирилган.
Ҳодиса оқибатида енгил машинада бўлган уч киши – ҳайдовчи ва икки йўловчи воқеа жойида ҳалок бўлишган.
Юк машинаси ҳайдовчисининг ҳолати маълум эмас.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Сирдарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одамлар ўлимига сабаб бўлиши) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.











