Ўзбекистон | 09:19 / 06.05.2020
2181
3 дақиқада ўқилади

Бадиий академия ҳузурида олий рассомлик курси ташкил этилади

Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузурида Рассомлик маҳорат устахонаси фаолияти ташкил этилади.

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузурида Рассомлик маҳорат устахонаси (олий рассомлик курси) фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузурида олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимида тайёргарлик босқичи сифатида Рассомлик маҳорат устахонаси (олий рассомлик курси) ташкил этилади.

Қуйидагилар Рассомлик маҳорат устахонасининг асосий вазифалари этиб белгиланади:

тасвирий санъат асарларининг юксак сифатини таъминлаш, тасвирий санъат ижодкорларининг салоҳиятини тўлақонли юзага чиқариш;

“устоз-шогирд” ва бадиий таълим анъаналарини сақлаган ҳолда ўқитишнинг илғор усулларини ишлаб чиқиш ва ўқув жараёнига ижодий устахоналар фаолиятини татбиқ этиш;

тасвирий санъат йўналишларида (дастгоҳли, графика, маҳобатли, миниатюра, ҳайкалтарошлик) фаолият олиб бораётган истеъдодли ижодкорларни саралаб олиш, уларнинг эстетик савияси ва маҳоратини юксалтириш;

санъат асарларида миллий ва умуминсоний анъаналарнинг юксак даражада ифода этилишига эришиш;

чет эллардаги кўргазма ва музейларда сақланаётган ноёб асарлар билан яқиндан танишиш, нусха кўчириш ҳамда тажриба алмашиш мақсадида хорижий мамлакатларга олий рассомлик курси ёш ижодкорларининг ижодий сафарларини ташкил этиш;

юртимиз музейлари фондларини юксак бадиий қийматга эга бўлган тасвирий санъат асарлари билан мунтазам бойитиб боришга кўмаклашиш.

Белгилаб қўйилишича:

Рассомлик маҳорат устахонаси фаолияти 2022/2023 ўқув йилидан бошланади;

ёш ижодкорлар Рассомлик маҳорат устахонасига стажёр-тадқиқотчилар учун белгиланган тартиб асосида жалб қилинади;

2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Рассомлик маҳорат устахонасига олий маълумот даражасига эга бўлган, тасвирий санъат соҳаларида ўз ижодий қобилиятини намоён этган ижодкорлар танлов асосида қабул қилинади;

Рассомлик маҳорат устахонаси юридик шахс мақомига эга бўлмайди ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;

Рассомлик маҳорат устахонаси фаолияти Ўзбекистон Бадиий академиясининг тегишли бошқармалари томонидан мувофиқлаштириб борилади;

Рассомлик маҳорат устахонасини сақлаш харажатлари 2022 йилдан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид