Ўзбекистон | 08:10 / 09.07.2025
2778
2 дақиқада ўқилади

Бадиий академия ходимлари учун ойлик рағбатлантириш устамаси белгиланди

Президент қарори билан тасвирий ва амалий санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар белгиланди. 

Фото: Kun.uz

2025 йил 1 июлдан бошлаб Бадиий академия марказий аппарати ва унинг Қорақалпоғистон бўлими ходимлари учун давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ойлик рағбатлантириш устамаси белгиланади:

  • ходимларнинг лавозим маошига 200 фоиз миқдорида;
  • ходимларнинг лавозим маошига кўп йиллик хизмат муддати учун (хизмат кўрсатувчи ва техник ходимлардан ташқари) коэффициент ҳисобида:
  • 1 йилдан 5 йилгача – 0,3;
  • 5 йилдан 10 йилгача – 0,6;
  • 10 йилдан 15 йилгача – 0,9;
  • 15 йилдан ортиқ – 1,2.

 
2026-2027 ўқув йилидан бошлаб Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида:

  • ташқи ўриндошлик асосида фаолият юритаётган илмий даража ва илмий унвонга эга ижодкор педагог кадрлар мазкур таълим ташкилотининг илмий салоҳият кўрсаткичларида инобатга олинади (асосий иш жойи бошқа ОТМда бўлган ходимлар бундан мустасно);
  • институт педагоглари томонидан яратилган юксак бадиий асарлар монографияга тенглаштирилади;
  • "рангтасвир", "амалий санъат" ва "дизайн" бакалавриат таълим йўналишлари ҳамда магистратура мутахассисликлари бўйича "психология" ва "педагогика" фанларидан таҳсил олган битирувчиларга умумий ўрта таълим муассасаларида "тасвирий санъат" фанидан дарс беришга рухсат этилади.

Қарор билан тасвирий ва амалий санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид