Covid-19 ҳомиладор аёлларга юқса, қандай оқибатларга олиб келади?
Тиббиёт соҳаси вакиллари вируснинг ҳомила ривожланишига қандай таъсир кўрсатиши ҳақида ҳали ҳам етарли маълумотларга эга эмас. Аммо, вирусни юқтириб олган ҳомиладор аёлларда унинг кечиши бошқа катта ёшли соғлом одамлар билан солиштирганда нисбатан оғирроқ аломатлар билан кузатилмайди. 

«Агар хавф даражаси жуда юқори бўлганда, биз бу ҳақда аллақачон маълумотга эга бўлар эдик», – дейди Лондон Империал коллежида акушерлик ва гинекология профессори Кристоф Лиз. 

Аксарият беморлар сингари, вирусни юқтирган ҳомиладор аёллар ҳам одатда касалликнинг енгил ёки ўрта оғирликдаги белгиларига дуч келишади: йўтал, иситма, нафас қисилиши, бош оғриғи ва ҳид сезиш қобилияти йўқолиши. Аёлларнинг кўп қисми бир неча кун ичида соғайишмоқда. 

Ҳомиладор аёлларда оғир аломатлар кузатилиши жуда кам учрамоқда. Юрак хасталиклари, астма, диабет, буйрак ёки жигар касаллигидан азият чекувчилар — алоҳида хавф гуруҳида, уларга уйда қолиш ва иложи борича ижтимоий алоқалардан қочиш тавсия этилади.

Ҳомиладор аёллар учун баъзи вируслар ўта хавфлидир, аммо Covid-19 ушбу тоифага тегишли экани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.

Британиялик олимлар ҳали ҳам маълумот тўплашмоқда ва тадқиқотда иштирок этишга рози бўлган ҳомиладор аёллар ёрдамида ушбу муаммони ўрганишмоқда. 

Муддатидан аввалги туғруқ хавфи қай даражада?
Сўнгги пайтларда, вирус келтириб чиқарган касалликнинг оғир шаклини бошидан кечирган ва фарзандини эрта дунёга келтирган аёллар ҳақида хабарлар учраб турибди. Бироқ, муддатидан аввалги туғруқнинг аниқ сабаблари ҳали маълум эмас.

Фото: Getty Images

«Кўрсатилган важлар орасида ҳомилада дистресс синдроми [яъни нафас олиш бузилиш синдроми] ривожланишини кўриш мумкин ёки паст кислород даражасида онани янада самарали даволаш учун туғдириш тезлаштирилади», – деб изоҳ беради Қиролича Шарлотта ва Челси касалхонаси доктори Эд Муллинс.

Ҳомиладорлик пайтида ўсаётган ҳомила аёлнинг ўпка ва юрагига босим ўтказа бошлайди, бу қон айланишини қийинлаштиради. Агар ҳомиладор она Covid-19 билан жиддий зарарланса, бу унинг аҳволини ёмонлаштириши ва нафас олишни қийинлаштириши мумкин. Бундай ҳолларда шифокорлар бемор аёлни жуда эҳтиёткорлик билан назорат қилишади.