Кексайишни ўзимиз истамасак-да, айрим вақтларда у тез суръатларда юз беради. Бу кўпинча бўғимларимиз ҳолатига ҳам боғлиқ. Чунки ҳаракатлари чекланган ёки оғриқли бўлган киши ўзини навқирон санай олмайди.

Шунинг учун бўғимларимизнинг навқирон ҳолатини сақлаш муҳим. Бежизга Шарқ тиббиётида одамнинг бўғимлари қанчалик ёш бўлса, унинг ўзи ҳам ёш ва соғлом ҳисобланади, дея айтилмаган.

Остеоартроз ва остеохондроз бугунги кунда дунёда энг кенг тарқалган касалликларидан бири ҳисобланади.Оғир босим ва нотўғри овқатланишни бунга асосий сабаб сифатида келтириш мумкин. Бўғимларимизга нисбатан эътиборсизлигимиз ҳам ана шу касалликлар ривожланишига олиб келади. Чунки токи бўғимларда кучли оғриқ пайдо бўлмагунича уларга эътибор бермаймиз ва “шафқатсизларча” фойдаланишда давом этамиз. Афсуски, бўғим касалликлари ривожланганидан кейин жараённи ортга қайтариб бўлмайди. Бу касалликлар узоқ ва оғир даволаниши билан ҳаётимизни мураккаблаштирибгина қолмай, ҳаракатланиш имкониятларини чеклаб, одамни ногирон кишига айлантириши ҳам мумкин.

Остеоартроз ва остеохондроз қандай касаллик?

Остеоартроз муайян бўғимларга зарар етказса, остехондроз – умуртқа поғонаси бўғимлари билан боғлиқ касалликдир. Уларнинг пайдо бўлиши дарҳол сезилмайди. Бўғимлардаги оғриқлар одатда жисмоний босимдан кейин пайдо бўлади ва тинч ҳолатда ёки тунги дам олиш вақтида ўтиб кетади.Касаллик йиллар давомида ривожланиши ва одамга сезилмаслиги мумкин. Бу эса унинг хавфли жиҳатларидандир.

Чунки ҳатто бўғим деформацияси, масалан, оёқдаги бош бармоқ бўғимининг катталашиши юз берганда ҳам шифокорга боришга шошилмаймиз. Сабаби – бу ҳолат ҳаёт тарзимизга у қадар таъсир қилмайди. Бироқ соғлиққа бефарқ бўлиш зудлик билан даволанишни талаб этувчи оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Бундан ташқари, бўғим “якка ҳолда” оғримайди, аста-секин ортиқча босимни ўзига олган бошқа бўғимларда ҳам оғриқ пайдо бўлади.

Остеоартроз ва остеохондроз дунёнинг барча бурчакларида учрайди. Ёши катталар, доимий равишда “ўтириш” ва “туриш” ҳолатида ишлайдиган, шунингдек жисмоний меҳнат билан банд бўлган ишчилар хавф гуруҳидадирлар. Ёш ўтиши билан мазкур касалликка чалиниш ҳолатлари кўпроқ учрайди. Бироқ бўғим касалликлари аста-секин ёшармоқда. Чунки бугунги кунда офисда “ўтириш” билан боғлиқ касблар ва мутахассисликлар пайдо бўляпти, информацион технологияларнинг шиддат билан ривожланиши эса компьютердан турмаган ҳолда кўплаб ҳаётий ва профессионал масалаларни ҳал этиш имконини беряпти. Бўғим касалликлари одатда жароҳат ва шикастланишлар натижасида ҳам ривожланади, афсуски, ҳеч ким улардан суғурталанмаган. Бўғим касалликларига сабаб бўлаётган яна бир ҳолат- ортиқча вазндан азият чекувчи инсонлар ортиб бораётганидир. Бундай одамларнинг бўғимлари эса доимий равишда ортиқча босимни ҳис қилади. Бу каби ҳолатларнинг барчаси остеохондроз ва остеоартроз билан нафақат кекса кишилар, балки 20 ёшлилар ҳам касалланишига олиб келяпти.