Ўзбекистон | 11:03 / 12.05.2020
17397
3 дақиқада ўқилади

ФВВ Сирдарёда амалга оширилган ишлар бўйича янги рақамларни эълон қилди

Жами 24 кўприкда диагностика ишлари амалга оширилиб, таҳлил натижаларини олиш учун лабораторияга тақдим этилди.

Фото: ФВВ матбуот хизмати

Айни дамда “Сардоба сув омбори” билан боғлиқ фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этишда Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Мудофаа вазирликлари, Миллий гвардия ҳамда фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизимининг куч ва воситалари томонидан ишлар жадал олиб борилмоқда.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, ҳудудларни сув тошқинидан ҳосил бўлган лой ва бошқа чиқиндилардан тозалаш, йўл жиҳозларини қайта тиклаш учун қурилиш соҳасидан 175 техника ҳамда 416 нафар йўлсоз жалб қилинган ҳолда 23561 қум шағал аралашмаси билан йўл асоси тикланмоқда Шунингдек, жами 24 кўприкда диагностика ишлари амалга оширилиб, таҳлил натижаларини олиш учун лабораторияга тақдим этилди.

“Сув тошқини оқибатида зарар кўрган электр, газ ва сув тармоқлари қайта тикланмоқда.

Таъмирлаш ва тиклаш ишлари учун 51 таъмирлаш бригадасидан 300 яқин малакали соҳа ходимлари, 32 махсус ва 60 хизмат автомашинаси жалб қилинди.

Тадбир бошидан 2 нимстанция, 78 трансформатор пункти ва 254,1 км электр узатиш тармоқлари, 4 619 электр устунларини таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилиб, ишга туширилди.

Натижада, 7 987 электр таъминоти узилган аҳоли хонадонларидан 7 388 таси тўлиқ электр энергия билан таъминланди.

Шунингдек, талафот кўрган 12 аҳоли пунктидан 10 таси тўлиқ барқарор электр энергияси билан таъминланди. Электр тармоқларини тиклаш ва таъмирлаш ишлари давом этмоқда”, - дейилади маълумотда.

Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги 11 аҳоли пунктида 66 км газ қувури, 47 дона газ тақсимлаш қурилмаси ҳамда 7 550 дона маиший газ баллонларига зарар етган. Бунинг оқибатларини бартараф этиш учун 50 нафар ходим ва мутахассис, 45 та автотранспорт воситаси жалб қилинган.

Ҳудудларни сувдан тозалаш мақсадида 83 та сув тортиш насоси харид қилиниб, вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасига топширилган. 19 та аҳоли пунктига доимий равишда 37 та махсус сув ташиш машинаси орқали ичимлик сувини етказиб бериш йўлга қўйилган.

Оқолтин тумани “Саховат” маҳалласидаги 2 дона оқава сув иншоотининг 3 дона насоси таъмирланиб, жойига ўрнатилди. Ҳудудда оқава сув тизими ишламоқда.

Тошқин оқибатларини бартараф этиш ишлари давом эттирилмоқда, дейилади ФВВ хабарида.

Мавзуга оид