Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот котиби Мурод Содиқов Чорвоқ сум омборида чўкиб кетган уч киши – ота ва унинг ўғилларининг фарзандлари жасадларини қидириш бўйича амалиётнинг бориши ҳақида маълумот берди.
Бахтсиз ҳодиса 2 сентябр куни рўй берганди. Шу куниёқ ФВВ куч ва воситалари – қутқарувчилар, ғаввослар, катерлар ва бошқа махсус техникалар жалб қилинган, штаб ташкил этилиб, қидирув ишлари 24 соат давомида узлуксиз олиб борилмоқда.
Қутқарув отряди командир Рустам Бўриев ҳодиса тафсилотларини айтиб берган. Унинг сўзларига кўра, оила катерни сув омборини айланиш учун ижарага олган. Катерда ҳайдовчидан ташқари эр-хотин, шунингдек, уларнинг қизи ва икки ўғил фарзанди бўлган.
«2 сентябр куни 112 тизимига келиб тушган хабарга кўра, Чорвоқ сув омборининг Бурчмулла МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмида бир оила аъзолари катерда айланишга чиқишган. Чўмилиш тақиқланган ҳудудда суратга тушиш мақсадида тўхташган. Шу ўртада чўмилишни хоҳлашган. Чўмилиш жараёнида эса махсус нимчалардан фойдаланишмаган. Чўмилиш вақтида ота ва икки ўғилнинг томири тортишиб қолган.
Бу ерда шамол бўлиб турган, сувда тўлқин юзага келган. Шу жараёнда чўкиш ҳолати юз берган», дейди у.

Қайд этилишича, катер ҳайдовчиси сувга тушишдан олдин нимча тақиш кераклигини айтган, аммо бу тавсияга риоя қилинмаган.
«Катерда она ва синглиси ҳам бўлган. Улар атрофдан ёрдам сўрашган. Катер ҳайдовчиси ҳам сувга тушиб, уларни қутқаришга ҳаракат қилган, аммо бунинг имкони бўлмаган. Барчаси жуда тез содир бўлган», дея қайд этади у.
Ҳозирги вақтда қидирув-қутқарув ишларига бешта қутқарув отряди жалб этилган. Сувда еттита қутқарув бригадаси ишламоқда. Шунингдек, қидирув ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида ФВВ раҳбарияти топшириғига асосан Сирдарё ва Жиззах вилоятлари фавқулодда вазиятлари бошқармаларидан ушбу жараёнга қўшимча кучлар жалб қилинган. Ушбу жараён фавқулодда вазиятлар вазири Азизбек Икромов назорати остида.


Штабда ФВВ ва бошқа хизматлар вакиллари ишламоқда.
Рустам Бўриев фуқароларни тўсиқлар ташқарисида чўмилмасликка чақирган.
«Пляж ҳудудида ҳам кўрсатиб қўйилган. Чўмилиш учун махсус жойлар қилинган. Ўша жойлардан ташқарида чўмилиш тақиқланади. Хавфсизлик қоидаларига риоя қилган ҳолда чўмилиш керак.
















