Чорвоқ сув омборида чўкиб кетган уч нафар фуқарони қидириш бўйича қидирув амалиёти якунланди.
9 сентябр куни ФВВ ғаввослари кичик ўғилнинг жасадини топишганди. 10 сентябр куни аввалига катта ўғил, бироз ўтиб отанинг ҳам жасади сувдан олиб чиқилган.
Бахтсиз ҳодиса 2 сентябр куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида содир бўлган эди. ФВВ матбуот хизмати хабарига кўра, катерда сайр қилиш пайтида оила аъзоларидан бири – кичик ўғил қутқарув нимчасидан фойдаланмаган ҳолда чўмилиш учун сувга тушган. Унинг оёқ томири тортишиб қолган ва чўка бошлаган. Унга ёрдам бериш мақсадида акаси ва отаси ҳам бирин-кетин сувга тушишган. Оқибатда учаласи ҳам чўкиб кетишган.
ФВВ фуқароларни сув объектларида хавфсизлик қоидаларига риоя қилишга чақирган.
«Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг тезкор ташкил этилган штаби, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари Фавқулодда вазиятлар бошқармаларининг қўшимча куч ва воситаларини жалб қилиш, шунингдек, энг янги замонавий қидирув ускуналарини ишга солиш орқали қидирув ишлари самарадорлигига эришилди. Сув омборининг ҳажми катталиги ҳамда унинг чуқурлигига қарамай, чўкиб кетганларни қидириш ишлари нисбатан қисқа вақт ичида якунланди. Фурсатдан фойдаланиб, юртдошларимизни сув объектларида хавфсизлик қоидаларига риоя қилишга чақирамиз», – дейилади хабарда.















