Семизлик бу – организмда ортиқча миқдорда ёғ тўпланишидир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2016 йилда эълон қилган маълумотларига кўра, ер юзида 18 ёшдан катталар орасида 1,9 млрд нафардан кўпроқ одам ортиқча вазн билан яшайди (ҳозирда бу соннинг янада ортганини бемалол тахмин қилиш мумкин). Улардан 650 млндан кўпроғида семизлик бор.
Ортиқча вазн ёки семизлик асосан ривожланган давлатларда жиддий муаммога айланган. АҚШда 18 ёшдан катта аҳолининг 56 фоизи, Буюк Британияда 52 фоизи, Исроилда 50 фоиздан кўпроғида ортиқча вазн борлиги айтилади. Ҳозир нафақат ривожланган давлатларда, балки ривожланаётган давлатларда ҳам (асосан шаҳар жойларида) ортиқча вазнли одамлар сони ортиб боряпти.
Хусусан, республикамизда ҳам мазкур муаммо соғлиқни сақлаш тизимида жиддий оқибатларни юзага келтирмоқда. Семизлик, асосан унинг абдоминал (қорин соҳасидаги) шакли кўплаб касалликларнинг келиб чиқишида муҳим рол ўйнаши сўнгги йилларда олиб борилган илмий изланишлар натижасида ўз исботини топди.
Соҳага оид адабиётларда ёзилишича, 55 ёшдан кичик бўлган 3-даража семизлиги бўлган одамларда 2-тур қандли диабет билан касалланиш хавфи шу ёшдаги нормал тана вазнида бўлган одамларга нисбатан эркакларда 18, аёлларда 13 марта юқори бўлади.
55 ёшдан кичик ёшдаги ортиқча тана вазни бўлганларда қандли диабет хавфи, худди шу ёшдаги нормал тана вазнлиларга нисбатан 3-4 баравар юқори бўлади.
Гипертония касаллиги хавфи эса 55дан кичик ёшдаги нормал тана вазнлиларга нисбатан ортиқча тан вазнлиларда 1,6 марта, 1-даража семизлиги бор шахсларда 2,5-3,2 марта, 2-3-даража семизлиги бор шахсларда 4-5,5 марта юқори бўлади.
Юрак ишемик касаллиги ва бош мияда қон айланиши бузилиши (инсульт) частоталари иккала жинсда ҳам ҳар қандай ёшда тана вазни индекси ортишига пропорционал тарзда ортиб боради.
Холецистит билан оғриш хавфи ТВИ (тана вазни индекси) ортиб бориши баробарида нормал тана вазнлиларга нисбатан эркакларда 4-21, аёлларда 2,5-5,2 марта юқори бўлади.
Бундан ташқари, тана вазни ортиб бориши билан остеоартрит, саратоннинг айрим турлари, аёлларда менструал циклнинг бузилиши, бепуштлик, тухумдонлар поликистози синдроми каби касалликлар билан оғриш хавфи ҳам ортиб боради.
Яъни ортиқча вазн ёки семизлик шунчаки касаллик эмас, балки бошқа кўплаб касалликларнинг сабабчисидир.

















