Миграция агентлиги E-9 визаси асосида Кореяга вақтинчалик ишлаш учун бораётган фуқаролар билан тузиладиган уч томонлама шартноманинг айрим бандларини қайта кўриб чиқди.
Аввалги шартномада фуқаро иш жойини ўзгартиришдан олдин Миграция агентлигининг Корея Республикасидаги ваколатхонаси розилигини олиши ҳамда белгиланган талабларга риоя этилмаган ҳолатларда жарима қўлланилиши назарда тутилган эди.
Қайд этилишича, ушбу талаблар фуқароларнинг Корея Республикасида ноқонуний мақомга ўтиб кетишининг олдини олиш, улар билан доимий алоқани таъминлаш ҳамда зарур ҳолатларда ижтимоий, ҳуқуқий ва моддий кўмак кўрсатиш мақсадида киритилган эди.
Корея Республикасидаги иш берувчилар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ўтказилган музокаралар, шунингдек, фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар таҳлили асосида мазкур талаблар қайта кўриб чиқилди.
Натижада уч томонлама шартномадан иш жойини ўзгартириш учун Агентлик ваколатхонасининг олдиндан розилигини олиш ҳамда ушбу талабга риоя этилмаган ҳолатда жарима қўллашни назарда тутувчи бандлар чиқариб ташланди.
Эндиликда фуқаролар иш жойини ўзгартириш учун Миграция агентлигининг алоҳида розилигини олиши шарт эмас. Улар амалдаги тартиблар ва қонунчилик асосида иш берувчи билан меҳнат шартномасини бекор қилиши ва янги иш берувчи билан меҳнат муносабатларига киришиши мумкин.
Шартномада Кореяда ноқонуний мақомда қолганлик учун жарима қўллаш банди сақлаб қолинди.
E-9 визаси асосида ишлаётган фуқаро иш берувчи билан меҳнат шартномасини бекор қилганидан сўнг 1 ой ичида иш изловчи сифатида давлат рўйхатидан ўтиши ва 90 кун ичида янги ишга жойлашиши лозим. Акс ҳолда Корея Республикаси ҳудудини тарк этиши талаб этилади.
Белгиланган муддатда ишга жойлашмаган ва мамлакат ҳудудини тарк этмаган фуқаро ноқонуний мақомга ўтиши мумкин. Бундай ҳолатда Корея Республикаси қонунчилигига мувофиқ жарима, депортация ҳамда мамлакатга қайта киришга тақиқ қўйилиши мумкин.
Шу боис, Агентлик томонидан хизмат кўрсатиш шартномаси қайта кўриб чиқилган бўлса-да, фуқаролардан иш жойини ўзгартиришда Корея Республикаси қонунчилигида белгиланган тартиб ва муддатларга қатъий риоя қилиш сўралади.














