Kun.uz мухбири шу саволларга жавоб олиш мақсадида вазирлик матбуот хизмати раҳбари Наврўз Ашурматов билан онлайн суҳбат ташкил қилди.
— Айни вақтда Россияда бўлиб турган фуқаролар чартер рейслар учун авиачипталарни қаердан ва қай тартибда олиши керак?
— Брифинг давомида 11-24 май кунлари чартер рейслар ташкил қилиниши ҳақида хабар берилганди. Россиядан Ўзбекистонга қайтмоқчи бўлган фуқароларимизнинг мурожаатлари нисбатан кўпроқ. Улар чартер рейслар учун аввало Россиядаги Ўзбекистон элчихоналари ва консуллик идораларига қўнғироқ қилиб ёки ижтимоий тармоқда очилган расмий саҳифаларида рўйхатдан ўтган ҳолда ёзилишлари мумкин. Рўйхатдан ўтгандан сўнг келиб тушган мурожаатлар асосида ҳар бир рейс учун бортга қўйиладиган йўловчилар рўйхати консуллик ва элчихоналар томонидан шакллантирилади. Авиапарвозга 4 соат қолганда чипталарни аэропортлардаги «Ўзбекистон ҳаво йўллари» компанияси кассаларидан сотиб олишлари мумкин.
— Брифингда авичипталарни энг минимал нархларда сотилади, деган эдингиз. Энг кам сумма деганда, қанча маблағ тушунилади? Айрим жойларда авиачипталар нархи кўтарилиб кетаётгани бўйича ҳам гаплар тарқалмоқда. Булар қанчалик ҳақиқатга яқин?

— Чартер рейслар учун сотувга қўйилган чипталар нархи минимал тарифдан юқори бўлмаслиги белгиланган. Ҳар бир йўналиш нуқтаи назаридан кўриб чиқадиган бўлсак, Франкфурт-Тошкент йўналишидаги чартер рейс нархи 400 АҚШ доллари, Москва-Тошкент йўналиши нархи 147 АҚШ доллари, Истанбул-Тошкент йўналиши 285 АҚШ доллари, Санкт-Петербург – Тошкент йўналиши 178 АҚШ доллари, Деҳли-Тошкент йўналиши 224 АҚШ доллари, Ростов-Тошкент йўналиши 160 АҚШ, Қозон-Тошкент йўналиши 148 АҚШ доллари, Лондон-Тошкент йўналиши 440 АҚШ доллари, Новосибирск-Тошкент йўналиши 186 АҚШ доллари, Шаржа-Тошкент йўналиши 221 АҚШ доллари деб белгиланган.
— Агар авиачипталарнинг белгиланган нархи оширилса, фуқаролар қаерга мурожаат қилиши керак?
— Чипталар нархи оширилаётгани бўйича ҳолатлар юз бераётган бўлса, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» компаниясининг call-марказига (+99871) 140-02-02 рақамларига қўнғироқ қилиб мурожаат этишлари мумкин. Фуқаролар авиачипта сотиб олишга қурби етмаётганлиги бўйича ҳам кўп мурожаатлар келиб тушмоқда. Агар шундай фуқаролар консуллик ва элчихоналарда чартер рейслар учун рўйхатдан ўтган ва тасдиқланган бўлса, аммо чипта харид қилишга маблағи бўлмаса, Ўзбекистон туриб фуқароларнинг қариндошлари чипта пулини тўлашлари мумкин, яъни чипталарни Тошкентдан сотиб олиш имконияти ҳам бор.















