«Маддоҳнинг юзига тупроқ сочинг!» (Ҳадис)
____________________
Маддоҳлик – бирор шахсни мақташ орқали унинг эътиборини қозониб, бундан келадиган манфаатни тама қилиш. Бунда мақташдан мақсад айнан манфаат кутиш бўлгани боис, мақтов сўзлари аксарият ҳақиқатга тўғри келмайди – муболаға, кўпиртириш ёки ёлғондан иборат бўлади.
Яна шуни таъкидлаш керакки, маддоҳлик кенг қулоч ёйгандан кейин аниқ бир манфаат кўзга кўринмаса ҳам маддоҳлик қилиш давом этаверади, чунки у энди сурункали касалликка айланган бўлади.
«Нимаси ёмон бунинг, бир киши бошқасини мақтаса мақтабди-да» дейишимиз мумкин. Ҳа, бир қарашда бундан ҳеч кимга зарар етмаяпти. Бироқ, бу фақат бир қарашда...
Маддоҳнинг ўзига етадиган зарарлар
Ҳазрати Одам танаси яратилиб, ичига руҳ пуфлангандан сўнг унга жамики фаришталар таъзим қилишди. Инсонни яратган Зот иродаси эди бу, Инсон шахсининг оламдаги нуфузини белгилаш эди. Кейин эса одам қавми Яратганнинг ердаги вакили деб эълон қилинди – Ер сайёрасини обод қилиш топширилди унга.
Бу улкан вазифа эса инсон шахсининг юксалиши билан, камолотга интилиши, мағрур, қаддини тик тутадиган ва қадрини биладиган инсон бўлиши билангина амалга ошади – фақат шундай шахслар бирлашмасигина бутун бошли сайёрани обод қилиши мумкин.
Маддоҳлик эса бунга... ғирт тескари сифат.
Маддоҳлик ўша – буюк шарафдан воз кечиш дегани. Киши энди дунёни обод қилишга сафарбар этилган, буюклиги коинотга эълон қилинган, ақл-у заковати билан фаришта қавмидан устун қўйилган зот эмас, балки шунчаки ўзи каби бир инсонни мадҳ этиб, унинг «дастурхони»дан ул-бул унга етиши умидида маддоҳликни касб қилиб олган ҳақир жонзотдир. У энди барча яхшиликлар унга Роббисидан келишини инкор этиб, ўзини балохўрлик мақомига туширган шахс.
Маддоҳ билан юз берадиган фожиа аввало унинг руҳида содир бўлади. Маддоҳ руҳида кечадиган жараённи кўриб бўлганида эди, мудҳиш, қийшайган-букчайган, маънавий қадриятлар оёғи осмонда бўлган, руҳий олам марваридлари оёқости бўлган нурсиз манзара кузатилган бўларди. Чунки бунда инсон руҳидан шараф, ғурур кетган бўлади. Ўрнини эса ўз-ўзини хорлашдан лаззат олиш эгаллайди.
Бундай «руҳий саратон» ўта юқумли бўлади – маддоҳлик «вируси» секинлик билан атрофга тарқалади, олди олинмаса бир муддатдан кейин маддоҳлар сони геометрик прогрессияда кўпаяди, отадан болага ўтади. Биз билган мумтоз вирусдан фарқли томони – унинг тарқалишини тиббий ниқоблар билан тўхтатиб бўлмайди...














