Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Сардобага Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан қурувчи-муҳандис мутахассислар ҳашарга етиб келган. Тумандаги ишлар тақсимоти ҳар бир вилоят ўртасида тенг бўлиб олинган. 

Илҳом Комилов

Қурувчи Илҳом Комиловнинг айтишича, мутахассисларнинг тошқиндан катта зиён кўрмаган уйларнинг техник ҳолатини кўздан кечириб, таъмирга киришмоқда.

– Биз биринчи бетонларнинг яроқлилигини текширдик. Кўпроқ деворга ишлов бўляпти. Кўриб турганингиздек,  фундаментга ишлов бўлди. Ичкаридаги сувларнинг бари чиқарилиб, қуруқ ҳолатга келтирилиб, сўнгра пол ётқиздик. Худо хоҳласа, режа бўйича битта бинони уч-тўрт кунда таъмирлаб, чиқиб кетяпмиз, - деди у. 

Сув тошқини оқибатида жами 4351та хонадонга зарар етганлиги аниқланди. Шундан 2570та хонадон яроқсиз ҳолатга келиб қолган. 

Адиз Бобоев

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири ўринбосари Адиз Бобоевнинг билдиришича, юқорида қайд этилган уйларни умуман қайта тиклаб бўлмайди. 

«1781та хонадонни биз кўриб чиқдик. Бу ерда ушбу уйларни қайта таъмирлаш ҳисобига яна қайта тиклаш имконияти мавжуд. Бизда  ҳисобимиз бўйича жами 34 та ижтимоий муассасага талафот етган бўлиб, буни тузатишимиз учун ҳозирги кунга 85 млрд. сўм маблағ керак бўлиши ҳисобланди. Ҳозирда Давлат архитектура назорати ходимлари томонидан зарар етган объектлар яна бир бора кўриб чиқиляпти. Сув босган ҳудудларимиз мавжуд. Мана шу сув босган ҳудудларни яхшироқ ўрганишимиз керак. Эртага бу бузилиш оқибати, ёрилиш оқибатлари ҳам келиб чиқиши мумкин. 

Ўрганишларимиздан сўнг, Сардоба туманидаги “Дўстлик” маҳалласида қуриладиган массивда 37та 5 қаватли уйлар қурилиши маъқул топилди. Демак, бу ерда 1480та хонадон жойлашади. Мана шу ерда 1-сонли мактаб мавжуд бўлган, у 1961 йилда қурилган бўлиб, қурилганига 60 йил бўлган ва баъзи бир қисмлари аварияли ҳолатга келиб қолган. Шундан келиб чиқиб ва 1480та хонадонни кўчиб келишини инобатга олиб, бу ерда 660 ўринли янги, замонавий типдаги мактаб қурилишни мўлжалладик. Бундан ташқари, бу ерда қишлоқ оилавий поликлиникаси мавжуд бўлиб, бу 1965 йилда қурилган. Ушбу бино ҳам хавфли ҳолатда эканлиги аниқланди. Унинг ўрнига замонавий қишлоқ оилавий поликлиникаси қурилиш режасини киритдик. Шу билан бирга, 1480та хонадонни инобатга олиб, бу ерда яна 275 ўринли янги мактабгача таълим муассасаси қурилишини ҳам мўлжалладик. Демак, ҳам уй-жойлар, ҳам ижтимоий соҳа объектларини қуриш режага киритилди.