Қонунчилик палатаси томонидан «Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга томорқа ер участкаларидан оқилона фойдаланилишини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун қабул қилиниб, Сенатга юборилган эди.
Қонун томорқадан оқилона фойдаланилмаган тақдирда жарима белгилашни назарда тутиб, бу – солиқ кодексида белгиланган чораларига қўшимча жазо чораларини сифатида киритилаётганди.
Ҳуқуқшунос сифатида, ушбу қонунни қабул қилиш мақсадга мувофиқ эмаслиги ҳақида фикрларимни аввалроқ маълум қилгандим.
Кенг жамоатчилик ҳам бу борада ўзининг фикр мулоҳазаларини билдириб, жаримага эътироз билдирган.
Сенатнинг 11 май куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда ушбу қонун муҳокама қилиниб, рад этилди. Бу жамоатчиликка ҳам маъқул келди.
Сенатнинг қонунни рад этишига асос – МЖтКнинг тўлдирилаётган 65-1-моддасидаги томорқа ер участкасидан «асоссиз равишда» ёки «оқилона» фойдаланмаслик ёхуд «самарасиз» фойдаланиш каби тушунчалар қонун ҳужжатларида очиб берилмагани, жавобгарликка тортишда коррупция ва бошқа суиистеъмолликларга замин яратиши, президент кўрсатмаси бўйича «Шахсий томорқа хўжалиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши ва унда юқоридаги каби қонун ҳужжатларида мавҳум бўлган тушунчаларни очиб бериш келтирилди.
Фикримча, Сенатнинг келтирган асослари тўғри, лекин «асоссиз равишда» ёки «оқилона» фойдаланмаслик ёхуд «самарасиз» фойдаланиш тушунчаларини бериш билан иш битмайди. Умуман, томорқа ер эгаларига ҳар қандай жазо чораларини белгилаш аввало мақсадга мувофиқ эмас ҳамда бу масала 70 ўлчаб бир кесилиши ва халқ билан муҳокама қилинишини керак.
Чунки ҳар қандай қонуннинг муаллифи аввало халқ бўлиши лозим. Айниқса томорқа ҳақида гап кетганда халқ билан маслаҳатлашиш фақат фойда.
Сенат қарорига оддий изоҳ берадиган бўлсак, «томорқачига жарима белгилаш ёки бошқа чора қўллаш нафақат нотўғри, балки билиб-билмай хусусий мулкка дахл қилиш, аҳолининг шахсий ишларига аралашиш ҳамда халқаро жамоатчилик олдида ҳам кулгуга қолиш», демоқда сенаторлар. Негаки, аксар давлатларда томорқа эгаларини экин экмадинг деб жавобгарликка тортиш кулгили ҳолат ҳисобланади.
«Ер давлатники, шу учун томорқа аҳолининг шахсий иши эмас», деган гапларни кўп эшитамиз. Аммо томорқа ер участкаси шундай мулкки, ер давлатга тегишли бўлгани ҳолда ер усти, томорқадаги уй-жой, воситалар хусусий мулк, у ер участкаси билан узвий боғлиқ, бир бутун ва томорқадаги экин майдони ҳам унинг ажралмас бир қисмидир.
Тўғри, бунда баҳсли жиҳатлар, «уй-жой ва воситалардан ташқари 4 сотих ер участкаси бўлса, ундан самарали фойдаланиш мажбурий», «томорқа – аҳолининг даромад манбайи, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, яшаш шароитини яхшилаш, аҳолини боқиш манбайи» деган масалалар ҳам бор. Лекин бу масалалар ҳам қонун доирасида, мулк дахлсизлиги тамойили, дехқончилик, оилавий қадриятлар ва ҳоказолар доирасида бўлиши, ҳеч бир бюракратик омиллар таъсир қилмаслиги лозим.
















