
Бутун Европа бўйлаб, Испаниядан тортиб Сербиягача, қариялар уйлари COVID-19 инфекциясининг қизғин ўчоқларига айланди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, узоқ муддатли шундай муассасаларда истиқомат қилувчи одамлар Европада коронавирусдан вафот этганларнинг қарийб ярмини ташкил этмоқда.
Вируснинг дунё бўйлаб одамлар ҳаётига чек қўйиши ҳақидаги юракни ҳаяжонлантирадиган статистик маълумотлар орасида мана шу рақам менинг диққатимни жалб қилди. Ушбу рақам бизнинг кўз ўнгимизда рўй бераётган тасаввур қилиб бўлмайдиган фожиани ёритмоқда, аммо негадир бу ҳолат ҳайратланарли даражада жамоатчилик эътиборини унчалик жалб қилмаяпти.
Статистика бўйича, парвариш қилинадиган интернатларда яшайдиган кекса одамлар умумий аҳолининг жудаям кам қисмини ташкил қилади – масалан, Европада киши бошига қариялар уйида истиқомат қиладиган одамлар сони энг кўп бўлган мамлакат – Германияда, кексалар сони аҳолининг деярли 1 фоизини ташкил қилади холос. Бу эса, вирус туфайли келиб чиқадиган ўлим ҳолатлари орасида аҳолининг қариялар уйларида яшовчи қисми ҳаддан ташқари кўпиртириб кўрсатилгани тўғрисида тушунча беради.
Умуман олганда, кекса одамларга пандемия жуда ёмон таъсир қилади. Уларда COVID-19 туфайли оғир касалликка чалиниш хавфи юқори ва ўлимнинг 95 фоизи 60 ва ундан катта ёшдагилар орасида содир бўлмоқда. Бу эса аҳолисининг аксарият қисмини ёши улуғ одамлар ташкил қиладиган минтақа – Европа ўз ҳудудларида пандемияни мана шундай катта вайрон қилиш кучи билан бошидан кечираётганининг сабабларидан биридир.
Ўз навбатида, кекса одамлар нафақат соғлиқни сақлаш тизимидаги хизматлар, балки вирус тарқалишининг олдини олиш чоралари таркибидаги жисмоний масофаланиш (номувофиқ тарзда ижтимоий масофаланиш деб номланади) бўйича ҳам жиддий муаммоларга дуч келишмоқда. Бу омиллар уларнинг ҳаёти ва турмуш тарзига номутаносиб таъсир кўрсатмоқда, чунки улар ўзлари ишонган ва кутган кўпгина хизмат турларидан, ёрдам ва ғамхўрликлардан маҳрумдир.
Табиийки, қариялар уйларида яшайдиган кексалар аҳолининг эътибордан четда ва қаровсиз қолган, энг ҳимоясиз қатлами қаторига киради.
Атрофида ўз яқинларисиз, баъзан етарлича молиялаштирилмаган ва зиммасига ҳаддан зиёд кўп иш юклатилган муассасалар томонидан минимал даражада парвариш қилинадиган ҳолда ёлғизликда вафот этаётган қариялар ҳақида даҳшатли ҳикояларни эшитмоқдамиз.
Ҳозирги кунда қариялар уйларида юз бераётган фожиалар моҳиятан битта, аммо бу бизнинг кексаларга кўрсатадиган эътиборимиз нақадар муваффақиятсиз эканини ҳам ифодалайди. Пандемия бу муваффақиятсизликка енгил нажот бўлди, аммо аслида бу ҳолат COVID -19 билан бошланмади.















