Қадрли ва муҳтарам ватандошлар!
Авваламбор, сиз азизларни, юртимиздаги барча мўмин-мусулмонларни, нуроний отахон ва онахонларимизни, қадрли ака-укаларимиз, опа-сингилларимизни, азму шижоатли ёшларимизни, иймон-эътиқодли халқимизни муборак Рамазон ҳайити билан чин қалбимдан табриклаб, самимий тилакларимни билдираман.
Рамазони шариф эзгулик, хайр-у саховат ва меҳр-оқибат ойи сифатида эл-юртимизнинг ижтимоий-маънавий ҳаётида азал-азалдан алоҳида ўрин эгаллаб келади.
Ушбу қутлуғ ойда сабру қаноат, шукроналик, руҳий покланиш, меҳр ва кўмакка муҳтожларга янада эътиборли бўлиш, савобли амаллар қилишдек олижаноб фазилатлар бу йил юртимизда ҳар қачонгидан ҳам яққол намоён бўлди, десам, ўйлайманки, сизлар ҳам бу фикрга қўшиласиз.
Мард ва матонатли халқимиз коронавирус пандемияси, бошимизга тушган турли синовлар ва табиий офатлар шароитида “Оллоҳ сабр-тоқатли инсонлар билан биргадир”, деган илоҳий ўгитга амал қилиб, тушкунликка берилмасдан, янада аҳил ва бирдам бўлиб, инсонпарварлик, ҳамжиҳатликнинг юксак нумунасини кўрсатганини жаҳон ҳамжамияти эътироф этмоқда. Бу билан ҳар қанча фахрлансак, арзийди.
Асрлар давомида халқимиз онгида бағрикенглик, меҳр-мурувват, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, мустаҳкам ирода каби ибратли фазилатларни шакллантиришда табаррук Рамазон ойига хос қадриятларнинг ўрни ва таъсири албатта беқиёсдир.
Бу йил карантин туфайли Рамазон амаллари ва ибодатларини адо этишда юзага келган маълум қийинчиликларни тўғри тушуниб, бу масалага оқилона ёндашган, айни вақтда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатида фаол иштирок этаётган ҳиммати баланд тадбиркорларимиз ва фермерларимизга, турли касб эгалари бўлган кекса-ю ёш барча ватандошларимизга шу улуғ айём кунларида яна бир бор чуқур миннатдорчилик билдираман.
Азиз дўстлар!
Маълумки, ҳозирги кунда бутун дунё аҳли каби биз ҳам коронавирус пандемияси билан боғлиқ мушкул вазиятни бошимиздан ўтказмоқдамиз. Шу ўринда бир ҳақиқатни эслатиб ўтишни зарур, деб биламан.
Карами кенг Аллоҳ таоло муқаддас Қуръони каримда инсонларни масъулиятли синов кунларида сабр ва қаноатли бўлишга даъват этиб, “Албатта, қийинчилик билан бирга енгиллик ҳам бордир”, деб марҳамат қилади.
Чиндан ҳам, ҳар қадай ташвиш ортида енгиллик ва ёруғлик борлигини коронавирус касаллигидан соғайиб чиқаётган, табиий офатлар туфайли уй-жойидан айрилган, лекин давлатимиз ва эл-юртимизнинг катта ёрдами ва кўмаги билан ўз ҳаётини янгитдан йўлга қўйиб олаётган минглаб ватандошларимиз қалбдан ҳис этмоқдалар.















