Бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам олувчилар сони қўшимча 10 фоизга оширилади

Президентнинг «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига кўра, 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам олувчилар сони қўшимча 10 фоизга оширилади.

Тадбиркорлик субъектларига нисбатан солиқ имтиёзлари кучга киради

Президентнинг «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан 2020 йилнинг 1 июнидан бошлаб кичик тадбиркорлик субъектлари, бозорлар ва савдо комплекслари, кинотеатрлар, умумий овқатланиш шохобчалари, жамоат транспорти корхоналари, спорт-соғломлаштириш муассасалари, шунингдек, йўловчи ташиш, маиший хизматлар кўрсатиш, биноларни, шу жумладан банкетлар ўтказиш учун ижарага бериш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан озод қилинади.

Имтиёз 1 сентябригача бўлган давр учун амал қилади.

Тиббиёт муассасаларида фитобарлар ташкил этилади

Президентнинг «Ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, маданий ҳолда етиштириш, қайта ишлаш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорга мувофиқ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тиббиёт муассасалари, шу жумладан оилавий поликлиникалар ва қишлоқ (овул) врачлик пунктларида фитобарлар ташкил этилади

Импорт қилинадиган чилим учун тамакига акциз солиғи тўланади

Президент қарори билан импорт қилинадиган қиздириладиган тамаки маҳсулотлари, чекиладиган, чайналадиган, ҳидланадиган, шимиладиган (снюс), никотинли тамакисиз снюс, таркибида никотин мавжуд суюқликларга ҳам акциз солиғи киритилади.