Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти 2017 йилнинг май ойида собиқ “Манзарали боғдорчилик ва ўрмон хўжалиги республика илмий-ишлаб чиқариш маркази” негизида ташкил этилганди.

Хўш, ўтган уч йил давомида нималар қилинди? Қандай натижаларга эришилди, қандай лойиҳалар амалга оширилди, қандай муаммолар бор? Тобора муҳим аҳамият касб этиб бораётган мазкур соҳа ҳақида қанчалик тасаввурга эгамиз? Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси ўринбосари, Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти директори, профессор Абдушукур Худойқулович Ҳамзаев билан суҳбатимиз шу ҳақда бўлди.

– Ҳар бир соҳанинг ривожланишида энг асосий омиллардан бири шубҳасиз, кадрларнинг илмий салоҳиятидир, – дейди Абдушукур Ҳамзаев. – Шунинг баробарида, жамоага ёш олимларни жалб этиш, янгича фикрловчи, ёндашувчи ёшларнинг ўз ўрни бор, албатта. Айтиш мумкинки, биз бу икки тамойилга алоҳида эътибор қаратяпмиз.

Масалан, ўтган 25 йил давомида институтда ёш олимларнинг илмий-тадқиқот ишлари билан шуғулланишлари учун деярли шароит бўлмаган. Улар эътибордан четда қолганлиги сабабли, кўпчилик ёш докторант тадқиқотчилар ўз илмий ишларини охиригача етказмасдан, ташлаб кетишган. Натижада, ниҳоятда муҳим бўлган ўрмончилик соҳасида бирорта ҳам диссертация ҳимоя қилинмаган.

2017-2018 йилларда ушбу ёшларни илмга қайта жалб қилиш, иш билан таъминлаш ва докторантура бўлимига квоталар сонини ошириш, шунингдек, уларнинг илмий-тадқиқотлари билан шуғулланишида қўшимча шароит яратилди. Шу сабабли 2018 йилда соҳада илк бора бир нафар фан доктори (DSc), 5 нафар фалсафа доктори (PhD), 2019 йилда 4 нафар тадқиқотчиларнинг фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси бўйича диссертация ҳимоя қилинди.

Саккиз нафар илмий ходимлар профессор ва катта илмий ходим унвонига эга бўлишди. Бунинг натижасида илмий даражали ходимлар сони 14 нафарга ошиб, 2017 йилга нисбатан 21 фоизга, илмий салоҳият эса 18 фоиздан 47 фоизга оширилди. Олимларнинг ўртача ёши 2015-2017 йилларда 71 ёшни ташкил этган бўлса, бугунги кунда уларнинг ёши 54 ёшни ташкил этмоқда.

2020 йилда яна 5 нафар тадқиқотчиларнинг докторлик диссертация ҳимояси режалаштирилди. Беш нафар илмий ходим эса “катта илмий ходим” унвонига даъвогарлик қилмоқда.

2016-2017 йилларда илмий соҳада 3 нафар докторант фаолият кўрсатган бўлса, 2018-2019 йилда жами 18 нафар ёшлар илмий тадқиқотларга жалб этилди. Жумладан, 10 нафар ёш тадқиқотчилар докторантурага, 8 нафар илмий ходимлар эса мустақил тадқиқотчиликка қабул қилинди.