Ўзбекистон | 12:31 / 13.04.2022
4612
1 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда ўрмон хўжалигига тегишли ерни сотмоқчи бўлган шахс ушланди

У ҳар бир сотих ерни 7 миллион 250 минг сўмдан нархлаб, 20 сотих ерни 145 миллион сўмга сотишини айтиб, шундан 100 миллион сўм олаётганда қўлга олинган.

Фото: Kun.uz

Сурхондарё вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, 2022 йил 7 апрел куни фуқаро М.Ж. прокуратура органларига ариза билан мурожаат қилган. У аризасида Худойберди исмли шахс Сариосиё туманидаги “Ҳисор” давлат ўрмон хўжалигига тегишли 20 сотих ернинг ҳар бир сотихини 7 миллион 250 минг сўмдан, жами 145 миллион сўмга сотишини айтиб, шу пулни олдиндан беришини талаб қилаётганини маълум қилиб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур мурожаатга асосан вилояти прокуратураси ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Сариосиё тумани, “Субҳидам” МФЙда яшовчи Х.С. аризачидан талаб қилинган 145 миллион сўмдан 100 миллион сўмини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи шахс процессуал тартибда ушланган. Ҳозирда жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид