Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси 1996 йилда қабул қилинган бўлиб, ўтган давр мобайнида катта ўзгаришларни фуқаролик-ҳуқуқий тартибга солишда муҳим роль ўйнади, бозор иқтисодиёти ривожланишига ҳуқуқий замин яратишга имкон берди.

Шу билан бирга, мамлакат тараққиётининг янги босқичи иқтисодиётни янада либераллаштиришни тақозо этмоқда. Шу мақсадда иқтисодий муносабатларни тартибга солишда давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулк кафолатлари ҳимоясини кучайтириш, тадбиркорликнинг ривожланишини рағбатлантириш ва хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинган.

Бошқача айтганда, бугунги кунда реал бозор иқтисодиёти ва илғор халқаро стандартлар талабларига жавоб берадиган, тўғридан тўғри амал қиладиган замонавий фуқаролик кодексини ишлаб чиқиш давр талабидир.

Янги кодексда қандай янгиликлар бўлади

Бугунги кунгача тайёрланган янги таҳрирдаги Фуқаролик кодекси лойиҳаси бир томондан Фуқаролик кодекси моддаларини унификация қилиш ва тизимлаштириш чораларини, иккинчи томондан тадбиркорлик, шу жумладан хорижий инвесторлар фаолияти учун қулай шароитлар яратиш, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган бир қатор янгиликларни ўз ичига олган.

Хусусан, инвестиция муҳитини яхшилаш ва иқтисодиётда мулкий муносабатлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида хорижий компанияларга Ўзбекистонда ўз филиалини рўйхатдан ўтказиб, ҳеч қандай тўсиқларсиз тадбиркорлик (хўжалик) фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини бериш, мулк хусусий ёки давлатга тегишли бўлишидан қатъи назар бир хил ҳуқуқий ҳимоя белгилаш, Давлат реестрига киритилган маълумотга ишониб мулкни сотиб олган мулкдордан, илгариги сотувчи томонидан қандайдир ҳуқуқбузилишга йўл қўйилган бўлса-да мулк қайтариб олинмаслиги ҳамда мулк ҳуқуқининг ҳимоясини таъминлашга қаратилган бошқа янги қоидаларни жорий этиш назарда тутилмоқда.

Ушбу янги қоидалар хорижий инвестициялар миқдори янада ошишига хизмат қилади. Сўнгги йилларда хорижий инвестициялар миқдори ошиши, хусусан, 2019 йилда 2018 йилга нисбатан 3,1 миллиард долларга ёки 3,7 баробарга кўп хорижий инвестициялар жалб қилинганининг сабабларидан бири бу – иқтисодиётни эркинлаштириш мақсадида қабул қилинган қонун ҳужжатлари дейиш мумкин.

Шунингдек, мулк ҳуқуқи кафолатларининг мустаҳкамланиши Жаҳон иқтисодий эркинлик индекси ва бошқа халқаро рейтингларга ҳам ижобий таъсир қилиши кутилмоқда. Ўзбекистон 2019 йилда Жаҳон иқтисодий эркинлик индексида Инвестиция эркинлиги мезони бўйича – 100 баллдан 10 балл, Мулк ҳуқуқи кафолати мезони бўйича – 49,8 балл олиб, жами 180та мамлакат орасида 140-ўринни эгаллаган эди.

Яна бир янгилик – фуқаролик қонун ҳужжатларини виртуал макон (интернет)да вужудга келадиган муносабатларга ҳам татбиқ этиш, электрон ёки бошқа техник воситалар ёрдамида тузилган битимларни ёзма шаклга тенглаштириш, электрон алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда товарларни сотишнинг, рақамли пул (криптовалюта) муомаласининг асосий қоидалари белгиланаётганидир.