«Пахтакор» клуби бош мураббийи Шота Арвеладзе Россиянинг Sports.ru сайтига интервью бериб, Ўзбекистондан таклиф қандай тушгани, Адебайор «Пахтакор»дан неча миллион маош сўрагани, Дердийўқнинг қанча маош олаётгани ва бир қатор саволларга жавоб берди. Суҳбатнинг қисқартирилган таржимасини ҳукмингизга ҳавола этамиз.

– Шота, ҳозирда «Пахтакор» бош мураббийисиз. Бу қандай юз берди?

– Алишер Усмонов туфайли «Пахтакор» клуби эгаси Бобур Шодиев билан танишдим. Тошкентга бориб, барчасини ўз кўзим билан кўрдим. Ишлаш ва футболни ривожлантириш учун барча шароитлар яратилганлигига ишонч ҳосил қилдим. Шундан кейин биз яна бир неча маротаба учрашиб, охир-оқибат у мени шартнома имзолашга кўндирди. 

– Бу сиз учун орқага ташланган қадамдек туйилмадими?

– Қачонки сен мотивацияни йўқотиб қўйсанг, бу орқага қадам ташлаш бўлади. Ахир, мураббий ишлашни хоҳласа бунинг ёмон жой йўқ. Асосийси – маҳоратни ошириб, фақат олдинга бориш. Шундай ўйнаганман, энди эса шу ақидага амал қилиб фаолият юритяпман. «Пахтакор»да ишлаётганим мотивациямга таъсир қилмайди. Қачонлардир «Реал» ёки «Барселона»да мураббийлик қилсам ҳам худди ҳозирги ишчан кайфиятда бўламан.

– «Пахтакор» қишда Эрен Дердийўқни таклиф этди. Бунга қандай эришдингиз?

– У билан яхши таниш эканлигимизга қарамай, уни кўндириш осон бўлгани йўқ. Эрен энг аввало оиласи ҳақида қайғурди – улар учун қулай ва хавфсиз бўлишини истади. Қолаверса, сўнгги пайтларда Туркияда деярли ўйин амалиётига эга бўлолмаётганди. Бундай пайтда аввало ўзинг учун ҳал қилиб олишинг керак: футболчимисан ёки пулни шунчаки оладиган бизнесмен? У миллий жамоасига қайтишни истайди, Европа ва жаҳон чемпионатида тўп суришни хоҳлайди. Фикримча, Дердийўқ «Пахтакор»га ўтиб ютди – Осиё Чемпионлар лигасида тўп сурмоқда, яхши шароитларга эга.

- Дердийўқ йиллик 1,5 миллион евро маош олаяпти. Адебайорнинг трансфери у кўпроқ сўрагани учун амалга ошмай қолдими?

– Дердийўқ бараварига камроқ олади. Адебайор эса айнан шунча сўраганди, аммо биз бунча тўлай олмасдик. Адебайор билан декабрь ойида Лондонда учрашган эдик. Унинг Тошкентга келиши ва барчасини ўз кўзи билан кўришига келишгандик. Сабаби ҳамма учун ҳам фақат молиявий шартлар эмас, қаерда ишлаши, машғулот ўташи, ўйнаши муҳим. Аммо якунда бу келишув амалга ошмай қолди, у узоқ сафарларга учишни ёқтирмас экан, ҳаттоки бироз қўрқаркан ҳам.