Жаҳон | 10:49 / 31.05.2020
165288
9 дақиқада ўқилади

Асрий муаммо яна хуруж қилди. АҚШда нималар бўлмоқда?

Илон Маск ва жамоаси коинотга фазогирларни юборган бир вақтда АҚШ бошқа муаммо гирдобига ўралашиб қолди. «Сеҳрли диёр»да одамлар яшай бошлагандан буён мавжуд бўлган ирқчилик можароси яна хуруж қилди. Бу гал аҳвол жуда жиддий...

Фото: Reuters

46 ёшли афроамерикалик Жорж Флойд 26 май куни полиция томонидан қўлга олинаётганда вафот этди. Оқ танли полициячи Дерек Шовин 7 дақиқа давомида Флойднинг юзини алфальтга босган ҳолда ушлаб турган ва оқибатда нафаси бўғилган Флойд воқеа жойида жон берган. Уч нафар полициячи барчасини томоша қилиб турган. Бу эса мамлакатда ирқчиликка қарши кескин намойишлар ўтказилишига сабаб бўлди. Аҳвол жуда жиддий, чунки энди намойишлар тўхтатиб бўлмайдиган даражада катта масштабда давом этмоқда.

У сохта пул билан сигарет харид қилишда гумонланган

Одамларнинг норозилигига сабаб бўлган нарса шуки, Флойд терроризм ёки бошқа жиддий жиноятлар содир этгани учун бундай ноинсоний тарзда азобланмаган. У шунчаки дўконда сохта пулга сигарет сотиб олганликда гумонланган. Гумондорни эса «демократия отаси» эканига даъво қилмайдиган бошқа мамлакатларда ҳам бундай қийнашмайди. Шу боис, америкаликлар аввало ирқчиликка, кейин эса ҳукумат полицияга бу қадар катта ваколат берганига қарши акциялар ўтказишмоқда. Улар бутун бошли полиция участкасини ёқиб юборишдан ҳам тап тортишмади.

Фуқаролар урушига яқин бу можарони бошлаб қўйган полициячи Дерек Шовин вафот этган Флойдни қора танли бўлгани учун шундай қийнаб ўлдирмаганини энди исботлай олмайди. «Менинг исмим Хон» фильмида айтилганидек, дунёдаги ҳар бир одамни тўхтатиб унга «Мен мусулмонман, лекин террорчи эмасман» деб чиқиш имконсиз. Ўша фильмда Хон муаммони АҚШ президентига айтиб ҳал қилади, аммо бу гал президент чиқиб гапирса ҳам фойдаси йўқ. Чунки мамлакатда норозилик алангаси ёниб бўлди.

Биргина ўлим шундай норозиликларни келтириб чиқарди дейиш қийин. Дерек Шовин узоқ йиллардан буён тутаб ётган гулханга чўғ ташлади ва у алангалади.

Аламзадалик қовушмаси

Полиция намойишчиларга кўздан ёш сиздирувчи газ қўллашга мажбур бўлмоқда / GETTY IMAGES

АҚШда олдин ҳам қора танли одамлар полиция томонидан ўлдирилган ва бу янгилик эмас. Ҳатто ёш болалар ўлиб қолган ҳолатлар ҳам бўлган, аммо ҳеч қачон намойишлар бу қадар жиддий кўриниш олмаган. Ҳозирги ҳолатни эса аламзадалик қовушмаси деб аташ мумкин. Америкаликлар шундоғам карантин чўзилиб кетгани сабаб намойишларга чиқаётганди.

Мамлакатда 1,8 миллиондан ортиқ одам коронавирус юқтирган бўлса, қурбонлар сони 105 мингдан ошиб кетди. «Дунёнинг энг қудратли давлати» эканини тинмай такрорлайдиган ҳукумат касаллик билан ҳаммадан ёмон курашгани сабаб одамларда норозилик кучайиб бораётганди. Масалан, Трамп бирор марта худди нормал президентлар каби фуқароларнинг ўлимидан қийналаётганини айтгани йўқ. Қайтанга ўлимлар 2 миллион бўлиб кетмаганида ўзининг қўшган ҳиссаси ҳақида мақтаниб гапирмоқда.

«Атайин қилинмаган қотиллик»

Дерек Шовин © REUTERS/HANS LUCAS

Афроамерикалик Жорж Флойдни ўлдирган (расмий маълумотларга кўра эса ўлдириб қўйган) оқ танли полициячи Дерек Шовин қўлга олинган. Маълум бўлишича, унга «учинчи даражали қотиллик» айблови қўйилади. Яъни, Шовин қотилликни онгли тарзда амалга оширмаган деб ҳисобланмоқда. Миннесота штати қонунчилига кўра, бу айблов билан 25 йилгача қамалиш мумкин. Намойишчилар эса ўша жараёнда бўлган, Флойднинг ўлимини жимгина кузатган бошқа полициячилар ҳам судда жавоб беришини талаб қилмоқда.

Намойишлар Оқ уйгача етиб борди

Намойишлар бутун мамлакат бўйлаб давом этмоқда ва норозилик кайфиятидаги америкаликлар Вашингтондаги Оқ уй биносигача етиб боришди. АҚШ ҳукумати биноси олдида полиция билан тўқнашувлар ҳам кузатилди. Одамлар Оқ уй олдида «Нафас ололмаяпман» (I can't breath) сўзлари ёзилган баннерлар илишди. Барча намойишчилар айнан мана шу ёзув туширилган баннерларни кўтаришмоқда, чунки Жорж Флойд ўлимидан аввал полициячидан уни қўйиб юборишини ўтиниб сўраб, нафас ололмаётганини, бўғилиб қолганини айтган.

Полиция машиналари ёқилмоқда

Фото: GETTY IMAGES

Намойишлар Лос-Анжелес, Чикаго, Денвер, Ҳьюстон, Феникс, Колумбус, Мемфис, Вашингтон, Нью-Йорк, Далласда ҳам давом этмоқда. Лос-Анжелесда намойиш ўтказиш ноқонуний деб эълон қилиниб, одамлардан уйда ўтириш талаб қилинди. Атлантада намойишчилар эътиборни тортиш мақсадида CNN телеканали штаб-квартираси олдида тўпланиб полиция машиналарини ёқиб юборишди.

Атлантадаги намойишлар аввалига тинч кўринишда бошланган, аммо кейинчалик бир неча намойишчи полицияга ҳужум қилиб қолган. Улар полицияга шиша бутилкаларни улоқтирган ва «Ишингни ташла» деб бақиришган. Атланта полицияси маълумотига кўра, камида уч нафар ходим жароҳатланган ва бир неча киши қўлга олинган.

Атланта шаҳри Жоржия штатининг Фултон округида жойлашган. Штат губернатори Брайан Кемп шаҳар мэри Кейши Боттомснинг илтимосига кўра Атлантада фавқулодда ҳолат эълон қилишини айтган. Ҳудудга одамлар ва биноларни асраш учун 500 нафар миллий гвардия зобити жалб қилинган.

Далласда полицияга тош билан ҳужум қилингач, ходимлар намойишчиларни тарқатиш учун кўздан ёш сиздирувчи газ қўллашга мажбур бўлган. Нью-Йоркдаги намойишчиларга қарши ҳам шундай газлар ишлатилган ва одамлар унинг таъсиридан ўзига келиш учун сутдан фойдаланишмоқда.

«Улар ажойиб одамлар экан»

АҚШ президенти Дональд Трамп ҳалок бўлган Жорж Флойднинг оила аъзолари билан гаплашганини ва улар ажойиб одамлар эканини айтди. Президент Жорж Флойднинг ўлимини «даҳшатли» деб атади.

Твиттер ва Трамп ўртасидаги можаро намойишлар фонида яна диққат марказида бўлди. Президент агар Миннеаполисда намойишлар тўхтамаса, у ерга ҳарбийларни юборишини твиттерда эълон қилди: «Норозилик бошланса, отишма бошланади», деб ёзди хусусан Трамп. Кўп ўтмай твиттер бу постни кўринмайдиган қилиб қўйди ва ўрнига «Бу твит твиттернинг зўравонликни қўллашга қарши қоидасига зид» ёзуви пайдо бўлди.

Бутун мамлакатдаги намойишлар Миннеаполисдаги норозиликлардан сўнг бошланиб кетди. Жума куни тунда Миннеаполисдаги полиция участкаси намойишчилар томонидан ёқиб юборилди ва полициячилар бино томидан вертолётда эвакуация қилинди.

Мамлакат бош прокурори Уильям Барр вазият жиддий ўрганилаётганини айтиб, Флойднинг қўлга олиниши тасвирланган видеони «даҳшатли ва шокка туширувчи» деб атади.

Бу қандай содир бўлганди?

25 май куни полиция Жорж Флойднинг машинасини тўхтатади. У сигарета сотиб олган пуллар қалбаки экани маълум бўлган ва Жоржнинг телефондаги суҳбатлари таҳлилига кўра, у сохта пуллар тайёрлашда гумонланаётганди. Полициячиларнинг айтишича, Флойд уларнинг талабига бўйсунмаган ва шу сабаб куч қўллашга мажбур бўлишган. Ходимларда боди камералар ишлаган ва барча жараён ёзиб олинган. Интернетда оқ танли полициячи Флойднинг қўлини қайириб уни тиззаси билан босиб тургани тасвирланган видео тарқалди. Унда Флойд «Бўғиляпман! Бўғиляпман!», дегани эшитилган.

«Бу радикаллар учун баҳона бўлди»

Фото: EPA/Vostock-photo

Миннесота губернатори Тим Уолз содир бўлаётган воқеалар ортиқ Жорж Флойднинг ўлими билан боғлиқ эмаслигини маълум қилди. Унинг айтишича, бу радикаллар учун баҳона бўлган.

АҚШдаги шаҳарларда коммендантлик соатлари жорий этилмоқда. Аввалига жавобгарлар жазоланишини талаб қилган намойишчилар энди аниқ ҳеч қандай талабсиз тартибсизликларни амалга оширишмоқда. Миннесотада миллий гвардиянинг тўлиқ назорати жорий этилди. Бунақаси Иккинчи жаҳон урушидан кейин илк марта содир бўлмоқда. Губернаторнинг айтишича, вазият жиддийлашиши мумкин, чунки штатда бошқа ерлардан келган радикаллар намойишларга қўшилган. Қўлга олинганларнинг 80 фоизи бошқа штатлардан келгани маълум бўлди.

Дональд Трамп «Драгон» космик кемасининг парвозини томоша қилгач, ОАВ олдида чиқиш қилди ва агрессив намойишчиларни қоралади. «Ярани даволаш керак, хаос яратиш керак эмас», деган президент. У одамларни аргессив тўдаларга қулай шароит яратиб бермасликка чақирди.

АҚШда намойишлардан фойдаланган экстремист сўлчи гуруҳлар одамларни зўравонликка чорлаб ташвиқот қилаётгани айтилди. Ҳукумат эса бунга қарши тотал назорат ўрнатмоқчи. Бу ишларга ҳудудда мавжуд бўлган 13 минг нафар миллий гвардия зобити жалб қилинади. Ўз навбатида Пентагонда қанча ҳарбий кўмак керак бўлса, Миннесотага юборилишини айтишди. Ҳозирча штат губернатори бу ёрдамни рад этган.

Мавзуга оид