Бу — тарихда илк марта хусусий компания томонидан астронавтларнинг коинотга учирилиши ҳамдир.

Илон Маск ким?

Келгуси йил 50 ёшини қаршилайдиган Илон Маск шунча нарсага қаердан пул топган? Умуман, у бундай муваффақиятларга эришиш учун қандай йўлларни босиб ўтган.

Фото: Ding Ting / AP

У 1996 йили акаси билан биргаликда янгиликлар компанияларини дастурий таъминот билан таъминлашга ихтисослашган Zip2 компаниясини ташкил этади. 1999 йилда у Zip2’ни Compaq компаниясига 307 млн долларга сотади. Илон Маскка бу пулнинг 7 фоизи (22 млн) тегади.

1999 йилнинг мартида Маск электрон пул ўтказмалари билан шуғулланувчи X.com компаниясига асос солади. 2000 йилда бу компанияси Confinity компанияси билан бирлашади. Бу компания бўлимларидан бири PayPal деб аталарди ва кейинчалик шу бренд остида фаолият кўрсата бошлаган. 2002 йилда PayPal 1,5 млрд доллар эвазига eBay томонидан сотиб олинади. PayPal’нинг 11,7 фоиз акцияси Маскники эди, у бундан 180 млн доллар ишлаб олади.

Ниҳоят, 2002 йилнинг май ойида Илон Маск ўзининг учинчи компанияси — SpaceX га асос солади. Компания хусусий ракета ташувчилар сериясининг ишланмалари муаллифи ва космик тизимларнинг тижорий оператори эди.

Фото: Thom Baur / Reuters

2005 йилда компания ходимлари 150 кишидан иборат бўлган бўлса, 2018 йилга келиб, уларнинг сони 6000 нафардан ошди. Компания нафақат космик парвозларни арзонлаштиришни, инсонни Марсга парвоз қилишини бош мақсад қилиб белгиланган.

Фоторепортаж: SpaceX илк марта астронавтларни космосга учирди

Маскнинг ракеталари

Илон Маск аввал бошданоқ коинотга ракеталарни учиришни имкон қадар арзонлаштиришни мақсад қилади. Маскнинг космик парвозлар соҳасидаги янгилиги ва энг катта ютуғи — ракета ташувчилар томонидан фойдали юк Ер атрофи орбитасига олиб чиқилгач, унинг биринчи босқичи Ерга қайта қўндирилиб, ундан кейинги парвозда яна фойдаланиш имкони борлигида эди. SpaceX парвозларининг кескин арзонлашувига эришди.