Ўзбекистон | 17:14 / 31.05.2020
24911
2 дақиқада ўқилади

Навоийда ҳам инқирозга қарши кураш жамғармаси маблағлари талон-торож қилинди

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаментининг Навоий вилояти бошқармаси вилоятдаги инқирозга қарши курашиш жамғармасига ажратилган маблағлар мақсадли сарфланиши юзасидан тафтиш ўтказди.

Фото: REUTERS/Mukhammadsharif Mamatkulov

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаментининг Навоий вилояти бошқармаси вилоятдаги инқирозга қарши курашиш жамғармасига ажратилган маблағлар мақсадли сарфланиши юзасидан тафтиш ўтказди.

Бош прокуратура матбуот хизматидан Kun.uz`га маълум қилинишича, тафтишда жуда кўп миқдордаги бюджет маблағлари растрата йўли билан талон-торож қилингани аниқланган.

«Хусусан, Навоий вилояти санитария ва эпидемиологик осойишталик маркази мансабдор шахслари ва бошқалар олдиндан тил бириктириб, жамғарма томонидан ажратилган 5 млрд сўм маблағнинг бир қисмини талон-торож қилиш мақсадида, «Т.» ва «I-P.» МЧЖдан кимёвий дезинфекция воситалари ҳамда инфекцияга қарши тиббий ҳимоя воситаларини қиммат нархларда харид қилишиб, жами 222,3 млн сўмни растрата қилиш йўли талон-торож қилиб, давлат бюджетига жуда кўп миқдорда зарар етказган», – дейилади хабарда.

Ҳолат юзасидан Навоий вилояти санитария ва эпидемиология осойишталик маркази мансабдор шахслари, «Т.» ва «I-P.» МЧЖ раҳбарлари
ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Эслатиб ўтамиз, шунга ўхшаш ҳолат ўтган ҳафта Бухоро вилоятида ҳам аниқланган эди.

Департамент текширувида вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош врачи марказ дезинфекционисти билан келишган ҳолда унга тегишли корхонадан дезинфекция воситасини 1,5 баробар қимматга сотиб олгани маълум бўлганди. Натижада бюджетга 200 млн сўмдан ортиқ зарар етказилган.

Шунингдек, Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ва «Саховат ва кўмак» жамғармасининг 153,2 млн сўмлик хайрия маблағларини талон-торож қилган шахсларга жиноят иши қўзғатилган.

Мавзуга оид