– Темур, коронавирус футболга қандай таъсир кўрсатмоқда?

– Бу ҳам бир синов. Вирус барча соҳаларга ўз таъсирини кўрсатмоқда. Хусусан, спортга ҳам. Қайсидир соҳаларда ишни уйдан туриб компьютер орқали ҳал қилса ҳам бўлади. Лекин бизга машғулотлар ўтказишимизга майдон керак.

2 ойдан ортиқ вақт давомида уйда ўтирибмиз. Тўғри, йигитлар билан хабарлашиб турибмиз, уй шароитида қандай машғулотлар ўтказиш кераклиги борасида кўрсатмалар беряпмиз. Аммо футбол учун бу камлик қилади. Уйда бажариладиган машқлар билан майдонда 90 дақиқа югуриб бўлмайди.

– Июнь ойидан клублар машғулотларга қайтишади. Сиз бошчилик қиладиган Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси қачон тўпланади? Тахминий режалар борми?

– Аслида вирус бўлмаганида октябргача бўлган режаларимиз аниқ эди. Хорижда йиғинлар ўтказмоқчи эдик, рақиблар ҳам тайёр эди. Лекин ҳозир вазият ўзгарди – ҳаммаси нолдан бошланади.

Суперлига тақвимини кутяпмиз. Чунки бизда сентябрь ойигача ФИФА кунлари йўқ, спарринг рақиблар муаммо бўлиши мумкин. Озарбайжон ва Хорватиядаги турнирларга чақиришди. Лекин унгача вазият қандай бўлади, билмаймиз.

Олдимизда 4 ой вақт қолмоқда, бу жамоавий ўйинни шакллантириш учун кам. Ҳозир турли вариантларни ўйлаяпмиз. Балки, жамоамизни Про-лигада ўйнатармиз ёки Суперлига жамоаларига қарши тез-тез ўртоқлик баҳслари ўтказармиз.

– Сизнинг жамоангизда Суперлига, Про-лига, ёшлар лигасидан ҳам номзодлар бўлиши мумкин. Уларнинг ўйинларини кузатишда, йиғинларга тўплашда муаммолар бўлмайдими?

– Суперлигада асосан 2 футболчимиз ҳаракат қилади – Жасур Жалолиддинов («Бунёдкор») ва Ҳожимат Эркинов (ОКМК). Улардан умидимиз катта.

Жамоанинг асосий қисмини «Пахтакор», «Бунёдкор» ва «Насаф» ёшлари ташкил этади. Клубларга муаммо юзага келтирмаслик учун ўйинчиларни навбатма-навбат йиғинга чақирамиз. Масалан, «Пахтакор»дан 8 номзод бор. Бир ҳафта 3 нафарини, кейинги ҳафта 3 нафарини чақиришимиз мумкин. Шу тарзда йигитларнинг жисмоний ҳолатини назорат қилиб турамиз.

Карантиндан сўнг футболчиларда жароҳатлар кўпайиши мумкин. Бундай вазиятда мураббийлардан кўп нарса талаб этилади.