Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Асакада Ҳажга ва чет элга ишга жўнатиш ваъдаси билан 31,5 минг доллар тўплаган фирибгарлар аниқланди
Бош прокуратура матбуот хизмати маҳкама ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти томонидан сўнгги кунларда аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида Kun.uz`га маълумот берди.
Департаментнинг Асака туман бўлими томонидан фуқаро А.А.нинг мурожаатига асосан ўтказилган терговга қадар текширувда, фуқаро Б.А. ва бошқалар олдиндан тил бириктириб, бир неча фуқароларнинг ишончига кириб уларни Ҳаж сафарига ва хорижий давлатларга ишга юбориш эвазига 31 500 доллар ва 2,5 млн сўм пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги аниқланган.
Ҳолат юзасидан Б.А. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Самарқандда жуда кўп миқдордаги ун маҳсулотларини талон-торож қилиш ҳолати аниқланди
Департаментнинг Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, «Самарқанддонмаҳсулотлари» АЖга қарашли 191-сонли дўкон сотувчиси Д.У. 391,7 млн сўмлик маҳсулотларни сотишдан тушган нақд пулларни жамият кассасига кирим қилмасдан камомадга йўл қўйгани, шунингдек, ушбу ҳолат юзасидан Д.У. 350 млн сўмни «Агробанк» АТБ Самарқанд ҳудудий филиалига топширгани ҳақида квитанцияни тақдим этган бўлса-да, 350 млн сўм нақд савдо пули мазкур банк филиалига кирим қилинмагани аниқланган.
Худди шундай, Департаментнинг Жомбой туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, «Жомбойдонмаҳсулотлари» ОАЖга қарашли 170-сонли дўкон сотувчиси А.Т. ҳам ўзига ишониб топширилган
193,2 млн сўмлик ун маҳсулотларини сотишдан тушган маблағларни жамиятга топширмасдан, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Улуғнорда қалбаки 100 минг сўмлик купюралар муомалага киритилишининг олди олинди
Департаментнинг Андижон вилоят Улуғнор туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, фуқаро Н.Н. 5 дона серия ва рақамлари бир хил бўлган 100 минг сўмлик купюраларни Андижон шаҳридаги «Янги деҳқон бозори» АЖ ҳудудида муомалага киритаётган вақтида, мазкур пуллар қалбаки экани шубҳага олиниб, ашёвий далил сифатида олинган.
Ўтказилган экспертиза натижаларига кўра, пуллар нусха кўчириш йўли билан рангли принтерда чоп этилганини кўрсатган.
Шунингдек, фуқаро Н.Н. қалбаки пулларни 21.05.2020 йилда «Янги деҳқон бозори» АЖ ҳудудида нотаниш аёлдан ўзидаги майда пулларни йирик купюрага айлантирган вақтида олганини билдирган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.