Жамият | 14:50 / 03.06.2020
9282
1 дақиқада ўқилади

Ёзда йўлларда уй шароитида тайёрланган айрон, гўжа ёки салқин ичимликлар сотиш мумкин эмас - Отабеков

Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков АОКАда ўтказилган брифингда ёз фаслида йўл бўйларида айрон, газли сув ва гўжа сотишга рухсатнома олиш учун қаерга мурожаат этиш кераклиги ҳақидаги саволга жавоб қайтарди.

«Рухсат этилмаган катта йўл ёқалари, нотурғун жойларда барча турдаги маҳсулотларни, жумладан уй шароитида тайёрланган салқин ичимликлар, бочкалардаги морслар, фрейзерда қуйиб бериладиган музқаймоқлар сотилиши қатъиян ман этилади.

Ноқонуний кўча савдоси назорати Вазирлар Маҳкамасининг 378 ва 251-сонли қарорлари билан ички ишлар ва солиқ органларига юклатилган», деган у.

Брифингда карантинга олинган уй зина туткичлари ва лифт тугмалари қанча вақтда дезинфекция қилиниши ҳақидаги саволга ҳам жавоб берилди.

«Кўп қаватли уйларда подъездлар, зинапоялар, тамбурлар, лифт кабиналари, ҳолллар, чиқинди ташлаш жойларида жорий ва якуний дезинфекция ишлари ўтказилади. Кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи аҳоли саломатлигига дезинфекция воситаларининг салбий таъсирини камайтириш мақсадида олдиндан огоҳлантириш берилади. Жорий дезинфекция ишлари кунига 2 марта, яъни эрталаб ва кечқурун ўтказилади», деди Нурмат Отабеков.

Мавзуга оид