Ўзбекистон | 10:12 / 04.06.2020
36519
3 дақиқада ўқилади

Президент вилоятлардаги илғор туманларни намуна сифатида кўрсатди. МТРКга ислоҳотларни ёритишда холисликни таъминлаш вазифаси қўйилди

Камбағалликни қисқартириш масаласи бўйича видеоселекторда президент жойлардаги ислоҳотларни оммавий ахборот воситаларида ёритишда ўзини мақтамасликни сўради.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда давлат раҳбари айрим вилоят ва туман ҳокимлари фаолияти билан танишди. Хусусан, Поп ва Ромитан туманлари ҳокимларининг таклиф ва ташаббусини ижобий баҳолади. Президент Бухорога ташрифи доирасида Ромитан тумани тажрибаси, у ерда амалга ошириладиган лойиҳаларни телевидение орқали кўрсатишни таклиф қилди.

Президент Поп ва Ромитан туманлари ҳокимлари фаолиятига юқори баҳо берган.

«Булар бизнинг ҳаракатларимиз маҳсули, ислоҳотлар натижаси. Бири оғир туманнинг иқтисодини кўтарди, иккинчиси янгича таклифлари билан олдимга масала қўя оляпти. Мен шунақа раҳбарларни яхши кўраман», деган президент.

Президент Андижон вилоятидан Избоскан, Қорақалпоғистондан Беруний, Жиззахдан Шароф Рашидов, Қашқадарёдан Қамаши, Самарқанддан Нарпай, Сурхондарёдан Термиз, Хоразмдан Боғот туманларидаги ҳолатни ислоҳот натижаси деб баҳолаган ва телевидениега ушбу туманлар бўйича ижобий кўрсатувлар тайёрлаш топшириғини берган. Ушбу туманларда асосан иш ўрни яратишда лойиҳа ва таклиф борлиги таъкидланган. 

Йиғилишда Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровга юқори баҳо берган.

«Декабрда сенинг тажрибангни эшитамиз. Олий Мажлисда ҳисобот берасан. Вилоятда яхши ишлаётган ИИБ бошлиқлари ва прокурорларнинг юлдузчасини кўпайтираман, йил якуни бўйича жуда катта моддий мукофот бераман, уларнинг ҳам оиласи бор, ишлагани учун рағбат бўлади. Ишламаганлар кетади, ёш-ёш йигитларни олиб келаман. Менга тажриба эмас, садоқат ва фидойилик керак», деган давлат раҳбари.

Йиғилишда МТРК фаолияти танқид остига олинган.

«Менга мақташ керак эмас. Президент фалон қилди, деб. Ислоҳот натижасида одамларнинг дунёқараши ўзгаряпти, манфаатдорлик руҳи пайдо бўляпти. Ер меники, деган тасаввур пайдо бўляпти. Ислоҳот амалда, деган нарсани кўрсатинглар. Фақат мақташ эмас. Олдин қандай эди, ҳозир қандай, одамлар қандай... 

Сизларга бир гапни айтишга қўрқаман, дарров президентни мақтай бошлайсиз. Мен ҳаммага айтдим, президент қилмаяпти буни, ислоҳот қиляпти. Қонун қиляпти, одамлар қабул қиляпти», дея Шавкат Мирзиёевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири. 

Президент МТРК раҳбари А.Ходжаевга бу каби хабарларни ёритишда билимли ва холис журналистларни жалб қилиш юзасидан топшириқ берган.

Мавзуга оид