Мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини ва аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашни яхшилаш, аграр сектор ишлаб чиқаришининг самарадорлигини ошириш, қишлоқларни обод этиш асосида қишлоқ аҳолисининг даромадлари ва турмуш даражасини юксалтириш вазифаларининг амалга оширилиши давлатимиз учун устувор аҳамият касб этиши ҳеч кимга сир эмас.

Мамлакатда ишлаб чиқарилаётган ялпи ички маҳсулотнинг

26-30 фоизи шу саноат улушига тўғри келаётган озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги саноатини ривожлантиришга ва соҳа вакилларини қўллаб-қувватлашга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиш мақсадида Ўзбекистон савдо-саноат палатаси бир қатор хорижий ва миллий ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Ўзбекистонда «АГРОКОМП – Қозоғистон ва Ўзбекистонда қиймат занжири, барқарор ривожланиш ва эко-инновацияларни такомиллаштириш орқали Ўзбекистон ва Қозоғистон озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги саноати корхоналарининг рақобатбардошлигини ошириш» лойиҳасини амалга оширмоқда.

Лойиҳа 2017-2020 йиллар учун мўлжалланган бўлиб, Формапер – Милан-Монца-Брианца-Лоди (Италия) Савдо-саноат, ҳунармандлик, ва қишлоқ хўжалиги палатаси, Ўзбекистон савдо-саноат палатаси, Қозоғистон Республикаси (Олма-ота) «Савдо ва саноат корхоналари ассоциацияси» ЮШУ, Қарағанда вилояти савдо палатаси (Қарағанда), Жамбил вилоятининг ишбилармон аёллар ассоциацияси (Тараз) ва Инновхаб ЭСИ - Милан-Монца-Брианца-Лоди (Италия) Савдо-саноат, ҳунармандлик ва қишлоқ хўжалиги палатаси консорциуми томонидан амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Савдо Саноат палатаси раиси Адҳам Икрамовнинг сўзларига кўра "Лойиҳадан кўзда тутилган асосий мақсад - Европа Иттифоқининг озиқ-овқат саноати ва агробизнес соҳасида фаолият юритаётган етакчи корхоналари томонидан фойдаланилаётган илғор тажрибаларни ўрганиш ва татбиқ қилиш орқали маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлашда қишлоқ хўжалиги корхоналарини самарали қўллаб-қувватлаш, ҳамда уларни сифат жиҳатдан янги рақобатбардошлик даражасига олиб чиқиш мақсадида профессионал мутахассислар тармоғини яратиш ва мустаҳкамлашдан иборат".

Юртимизда лойиҳанинг пилот ҳудудлари сифатида Тошкент шаҳри, Тошкент ва Наманган вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси танлаб олинган бўлиб, айнан ушбу ҳудудлардан саралаб олинган малакали мутахассислар Ўзбекистон ва Италия мамлакатлари ҳудудида махсус "study visit", "twinning" ва “internship” дастурлари асосида 2 босқичда ташкил этилган семинар ва амалиёт машғулотларида олинган тажрибага кўра агросаноатнинг замонавий трендларини Ўзбекистонга татбиқ этишаяпти.