Ўзбекистон | 16:08 / 05.06.2020
46104
4 дақиқада ўқилади

Карантинда МИБ фаолияти қандай ташкил этилади?

Карантин даврида аҳолини энергоресурслардан фойдаланганлик учун келиб чиққан қарздорлик туфайли тармоқдан ажратиш мумкинми? Мажбурий ижро бюроси вакиллари ушбу масала юзасидан муносабатини билдирди.

28 май куни Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани электр таъминоти корхонасида электр энергияси учун тўлов мақсадида истеъмолчилар тўпланди. Хабарга «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ расмий муносабат билдирди. Унда айтилишича, мамлакатда карантин чоралари юмшатилгани боис фойдаланилган электр энергиясидан вужудга келган қарздорликларнинг ортишига йўл қўймаслик мақсадида қарздор истеъмолчилар тармоқдан ажратилмоқда.

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси бўлим бошлиғининг Фаррух Тошпўлатовнинг Kun.uz'га маълум қилишича, ушбу ҳолатда истеъмолчилар қарздорлик туфайли автоматик тарзда тизимдан ажратилган ва бу жараёнда МИБ ходимлари иштирок этмаган. Бу «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан назорат қилинади.

Фаррух Тошпўлатов

«Мазкур ҳолатга яқиндан ёндашиб, аҳолига масала юзасидан тегишли тушунтириш берилди. Бу ҳолатда МИБ алоқаси йўқлиги билдирилди. Карантин даврида даромадини йўқотган, кам таъминланган ва моддий тарафдан қийналган аҳолига амалий ёрдам бериш ишларига жиддий эътибор қаратдик. Уйда ўтиргандан кейин, энергоресурслардан фойдаланиш ҳам ортади. Кўпчилик савол беряпти: бу қарздорлик воз кечилганми, кейин тармоқдан узиб қўймайсизми, дейишади.

Карантинга қадар бўлган даврдан бир тадбирни бошлаганмиз. Яъни ҳар бир ҳудудда яшовчи кам таъминланган оилалар рўйхатини шакллантиряпмиз. Бунда маҳалла органлари ходимлари билан ҳамкорликда ишлар бажариляпти. Ана уларга саховатпеша инсонлар хайрия маблағлари орқали қарздорликни сўндиришга кўмак қилинмоқда», – дейди у.

Тошпўлатовнинг айтишича, МИБ органлари кишиларни саховат ишларини бажаришга бевосита таъсир ўтказмайди.

МИБ бўлим бошлиғи Рустам Раҳимов маълумотига кўра, карантин даврида моддий ёрдамга муҳтож 4 мингга яқин фуқаронинг 1 миллиард сўмга яқин қарздорлиги ҳомийлар томонидан қопланди.

Рустам Раҳимов

«Шуни таъкидлаш керакки, 1 май куни ҳолатига кўра, аҳолининг электр энергиядан фойдаланганлик учун юзага келган қарздорлиги 2,1 триллион сўмга етди. Албатта, МИБ олдига қўйилган асосий вазифалардан бири тўловларни ундириш ва қарздорликни қисқартиришдан иборат. МИБ ходимлари электр энергиясини ҳисобга олиш ёки назоратни қилишни автоматлаштирилган тизими, халқ орасида «АСКУЭ» дейилади, жорий этилмаган ҳудудларда фаолиятини олиб боради. Тизим жорий этилган ҳудудларда истеъмолчи қарздорлик учун тармоқдан автоматик тарзда ажратилади. Бу дастур «Ҳудудий электр тармоқлари» корхоналарида жойлашган. Дастурга инсон омили аралашмайди», – дея маълумот берди у.

Раҳимовнинг таъкидлашича, республика махсус комиссиясининг 6 майдаги 21-сонли баёнига асосан ҳудудлар қизил, сариқ ва яшил тоифаларга ажратилиши белгиланган. Ушбу ҳудудларда фаолиятни ташкил этиш бўйича тегишли кўрсатма берилган.

«Яшил тоифадаги ҳудудларда умумий карантин қоидаларига риоя этган ҳолда, МИБ ходимлари ўз фаолиятини олиб бориши мумкин. Сариқ тоифадаги ҳудудларда эса истеъмолчиларга талабнома юбориш, қарздорликни ундириш бўйича фаолият ташкил этилади. Бунда фақат истеъмолчининг рухсати билан уйдаги ҳисобга олиш ускунасини кўздан кечириб, истеъмол ҳажмини олиш белгиланди. Қизил тоифадаги ҳудудларда тармоққа ноқонуний уланиш ё энергоресурсларни талон-торож қилиш ҳолатларидан ташқари, текширувлар ва фаолиятни давом эттириш мумкин эмас», – дейди у.

Алишер Рўзиохунов тайёрлади

Алишер Рўзиохунов
Тайёрлаган Алишер Рўзиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид