Пандемия сабаб дунё бўйлаб ишсизлик даражаси ортмоқда. Масалан, Россияда охирги икки ой давомида ишсизлик 30 фоизга ошди. Бу эса ушбу мамлакатдаги миллионлаб ўзбекистонликларга бевосита таъсир ўтказмоқда.

Kun.uz мухбири хориждаги ватандошларни олиб келиш кўламини ошириш ва мамлакатдаги эпидемиологик вазият юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, эпидемиолог Нурмат Отабековдан интервью олди.

– Бутун дунёда карантин тартиби туфайли хориждаги кўплаб ўзбекистонликлар ҳам қийин аҳволда қолишмоқда. Оқибатда Қозоғистон билан чегарага йиғилишяпти. Шундай вазиятда нима учун чегараларни очиш масаласи кўриб чиқилмаяпти?

– Назаримда, хориждаги кўпчилик фуқароларимиз вазият бир муддат мураккаб бўлади, кейинчалик яна ишимизни давом эттирамиз, деган ниятда бўлишди. Кейин маълум бўлдики, давлатлар карантин чеклов тадбирларини татбиқ қилди, кўп фуқароларимизда ишлаш имконияти қолмади. Одам ишламагандан кейин, табиийки, даромади бўлмайди. Менимча, одамлар топганларини еб тугатди. Кейинчалик қайтиш хоҳишини билдирадиганлар кўпайди.

Aҳамият берган бўлсангиз, карантин чеклов тадбирлари белгиланган даврда ҳам Ўзбекистон Республикасига фуқароларимизнинг кириб келиши бир кун ҳам тўхтагани йўқ. Қозоғистондан ҳар куни 600-700 одам, Қирғизистон орқали 300га яқин одам, Aфғонистон орқали эса 100га яқин одам кириб келди.

Ундан ташқари, узоқ юртларга автомобил ҳайдовчи одамларимиз, юк ташувчи транспорт воситаларимиз ҳам қатнади. Яна чартер рейслар ҳам тикланди. Ҳозир имкон қадар хориждаги юртга қайтиш истагида бўлган одамларни олиб келиш учун имкониятлар ишга солиняпти.

Aлбатта, ўртада чартер рейслар бўлмагани одамларни ҳар хил транспорт воситаларида имкон қадар давлат чегарасига яқинлаб келишга уринишларида намоён бўлди. Кимки Ўзбекистон чегарасига етиб кела олган бўлса, фуқаролиги бўлган шахсларнинг барчасига киришга имконият қилиб берилди. Ўйлайманки, бу жараён давом этади.

Энг асосийси, биз Ўзбекистонга касалликни кириб келиш эҳтимолидан келиб чиқиб, ҳар бири кириб келган жойидан эҳтиёт чораларини кўришимиз бу асосий вазифамиз.

– Нима учун бундай вазиятда парвозларни кўпайтириб ёки поезд қатновларини йўлга қўйиб бўлмайди?

– Бу тўғри савол. Албатта, самолёт қатновларини, темир йўл қатновлари сонини кўпайтириш учун мутасадди ташкилотлар бу саволни ўзлари учун қўйиб кўрар. Лекин менинг назаримда, биз республиканинг имкониятларини ҳам чамалаб кўришимиз керак.