Суд мажлисида қатнашган Kun.uz мухбирлари хабар беришича, суд қарори билан Қарши туман ҳокимлиги мансабдорларининг фермер хўжаликлари кооперацияси дейилаётган «SILVER FIBER AGRO KOOPERATSIYASI» МЧЖ билан тумандаги фермерлар ўртасида шартнома тузишга эришиш мақсадида амалга оширган барча ҳаракатлари ноқонуний, деб топилган.

Шунингдек, туман Давлат хизматлари марказида давлат рўйхатидан ўтишда «SILVER FIBER AGRO KOOPERATSIYASI» МЧЖ номига кооперация сўзини қўшиб, рўйхатдан ўтган ва фермерларни шартнома тузишга мажбурлаган МЧЖ гувоҳомаси бекор қилинди.
Маъмурий суд қарори билан Қарши туман ҳокими ва ҳокимлик мансабдор шахсларига кластер фаолиятига аралашиш, унинг 2020 йил учун фермерлар билан тузган шартномасини бекор қилиш ёки ўзгартиришга уриниши тақиқлаб қўйди.

Суд қарорида туман ҳокими Мақсуда Мустафоеванинг бош вазир ўринбосари Ў.Барноев ҳамда вилоят ҳокими З.Мирзаев номига 2020 йил 10 апрель санасида ёзган хатига ҳам эътибор қаратилди. М.Мустафоеванинг ушбу ҳаракати қонунга хилоф деб топилди.

Мақсуда Мустафоева томонидан имзоланган мазкур хатда пахта-тўқимачиликка ихтисослашган «SULTON TEX GROUP» кластери ўз соҳасига алоқаси бўлмаган ғалла комбайнлари таъмири ва ҳосилдорлиги учун берилиши лозим бўлган 5 миллиард 636 миллон сўм маблағни ўтказиб бермаётгани, кластер Қарши шаҳридаги Миллийбанк вилоят бўлимидаги ҳисоб рақамини бир неча марта огоҳлантиришларга қарамасдан тумандаги банкларга ўтказмаётгани ёзилган.
Эслатиб ўтамиз, бош вазир ўринбосари Ў.Барноевнинг 20 март куни Косон туманида Қашқадарё вилоятида қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ишларни ўрганиш ҳамда мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида ўтказган йиғилишидан сўнг «SULTON TEX GROUP» хусусий корхонаси ишида муаммолар юзага кела бошлаган эди.

Косондаги йиғилишдан кейин тузилган баённомада Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, «Агробанк» АТБ, Марказий банк вилоят Бош бошқармаси ва тижорат банкларининг ғаллани минерал ўғитлар билан озиқлантириш ва кимёвий препаратлар билан ишлов бериш учун етишмайдиган маблағларни тижорат кредити, пахта-тўқимачилик кластерларига ажратиладиган пахта имтиёзли кредит маблағлари ва фермер хўжаликларининг устав фондига жамғариладиган маблағлар ҳисобидан қоплаш тўғрисидаги ноқонуний таклифлари маъқулланган.


















