Жамият | 16:11 / 15.06.2020
8997
2 дақиқада ўқилади

Хоразмда қалбаки валютафурушлик билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди

11 июнь куни Хива шаҳрида яшовчи фуқаро Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармасига ариза билан мурожаат қилиб, ўзига олдиндан нотаниш бўлган шахслардан 11 млн сўм эвазига минг евро айирбошлаб олганини, лекин кейинчалик бу хорижий валюталарнинг қалбакилигини билиб, пулларини қайтиб олишида ёрдам сўраган.

Вилоят ИИБ хабарига кўра, мурожаат юзасидан зудлик билан бошқарманинг Жиноят-қидирув бошқармаси томонидан чоралар кўрилган: Навоий вилоятида яшовчи фуқаро Б.М. бошқарувидаги Нексия автомашинаси Гурлан туманида тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилганида, машина салонида 3 500 евро ва 50 АҚШ доллари миқдоридаги хорижий валюталар ва 16 490 000 сўм миқдоридаги миллий валюта борлиги аниқланган.

«Ўтказилган экспертиза хулосасига кўра, автомашина салонидан олинган хорижий валюталар қалбаки экани маълум бўлди. Шунингдек Б.М. Урганч шахрида яшовчи яна бир фуқарога 5 490 000 сўм эвазига 500 қалбаки еврони ўтказганига дастлабки суриштирувлар жараёнида аниқлик киритилди.

Қалбаки хорижий валюталарни муомалага киритишга уринган жиноий гуруҳ аъзоларининг қилмишини тўлиқ фош этиш мақсадида, Хоразм вилояти ИИБ ва ИИВ Жиноят-қидирув бош бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида назорат тартибида ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида Тошкент шаҳрида яшовчи яна бир нафар гумондор фуқаронинг уйида ўтказилган тинтув вақтида қалбаки 200 долларни муомалага киритиш мақсадида сақлаб қўйгани аниқланди ва у ҳам қўлга олинди», – дейилади хабарда.

Ҳолат юзасидан жиноят иши очилган. Терговни Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаментининг Хоразм вилояти бошқармаси олиб бормоқда.

 

Мавзуга оид