Жаҳон | 12:52 / 18.06.2020
4281
1 дақиқада ўқилади

Болгария бош вазири президентни дрон ёрдамида яширинча кузатув олиб боришда айблади

Болгария бош вазири Бойко Борисов мамлакат президенти Румен Радевни унинг ортидан дрон ёрдамида яширинча кузатув олиб боришда айблади. Бу ҳақда Болгария миллий радиоси маълум қилди. 

Фото: Reuters

Таъкидланишича, аввалроқ ижтимоий тармоқларда Борисовнинг ўз ётоқхонасида дам олаётгани сурати пайдо бўлган. “Президент Радев ҳаддидан ошиб, мени суратга олиш учун уйимга дрон юбормоқда. У дронни уйимга кириш олдидаги айвонгача келтирди”, деб арз қилган Борисов матбуот анжуманда.   

Бош вазирнинг фикрича, унга қарши компромат ҳукумат томонидан тайёрланаётган геостратегик режаларга, жумладан Болгариянинг евроҳудудга ва Банк иттифоқига киришига тўсқинлик қилиш мақсадида тўпланмоқда.

Таъкидланишича, шу воқеа билан боғлиқ ҳолда миллий қўриқлаш хизмати суратларнинг пайдо бўлишини тергов қила бошлаган.

Болгария президенти ва бош вазири ўртасида можаро жорий йил бошидаёқ кузатилган. Ўшанда президент Радев ҳукумат ишончни йўқотганини, чунки фуқаролар манфаати йўлида ҳаракат қилмаётгани ва давлатни инқирозга бошлаётганини айтган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид