DW Болгария Марказий сайлов комиссияси маълумотларига таяниб хабар беришича, мазкур натижалар бюллетенларнинг 95,3 фоизи ҳисоблаб чиқилганидан кейин эълон қилинган.

25 октябрдаги овоз беришда сайловчилар иштироки атиги 22,2 фоизни ташкил этган. Бу президентни биринчи турда сайлаш учун талаб қилинадиган 50 фоиздан юқори иштирок даражасидан анча паст.

Сайлов кампаниясининг дастлабки босқичи кам сонли митинглар, теледебатлар ўтказилмагани ва асосий номзодларга қаратилган шахсий ҳужумлар билан кечган. Сўнгги ҳафталарда эса Украинага ёрдам бериш масаласидаги қарашлар фарқи асосий мавзулардан бирига айланган.

Илияна Йотова урушни дипломатик йўл билан тугатиш тарафдори эканини билдирган. У Болгария ҳарбийлари Украинага юборилмаслигига сайловчиларни ишонтиришга уринган, гарчи бу масала кенг жамоатчилик муҳокамасининг асосий мавзуси бўлмаган бўлса ҳам.

Ғарб тарафдори сифатида таърифланаётган Андрей Гюров эса аввалроқ Украинани қўллаб-қувватлаган. У ҳукуматга раҳбарлик қилган даврида Киев билан хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишувни имзолаган.

Сайлов кампаниясига Қора денгиздаги хавфсизлик билан боғлиқ ҳодисалар ҳам таъсир кўрсатган. Октябр ойида Болгария соҳиллари яқинида тўртта савдо кемаси тахминларга кўра дронлар ҳужумига учраган. София яқинидаги Starlink станцияси эса ўт қўйилиши оқибатида зарарланган.

Нашрга кўра, Йотова ва Румен Радев бошчилигидаги ҳукумат бу ҳодисаларга эҳтиёткор муносабат билдириб, уларга аниқ баҳо бермаган ва айбдорларни номламаган.

Болгарияда президентнинг ваколатлари чекланган бўлса-да, у мамлакатни халқаро майдонда намоён этади ва олий бош қўмондон ҳисобланади. Шунингдек, бош прокурор ва олий судлар раҳбарларини тайинлаш тўғрисидаги фармонларни имзолайди, конституцияда белгиланган шахслар доирасидан вақтинча бош вазир тайинлайди ҳамда парламент қабул қилган қонунларга вето қўйиш ҳуқуқига эга.