Президентнинг 2026 йил 20 августдаги ПҚ–300-сон қарори билан Ўзбекистон Криптология, ахборот хавфсизлиги ва инновацион технологиялар институти ташкил этилди.

Янги институт Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ҳузуридаги Радиоэлектрон тизимлар ва ахборот технологиялари маркази негизида тузилади. Институт мазкур марказнинг барча вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

Криптологиядан сунъий интеллектгача

Институт криптология, ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик, ахборотни ҳимоялаш, сунъий интеллект, катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш, рақамли криминалистика ва рақамли технологиялар соҳаларида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш билан шуғулланади.

Шунингдек, мазкур йўналишларда илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари ташкил этилади. Институт давлат буюртмалари доирасида фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳаларни шакллантириш ва амалга оширишда ҳам иштирок этади.

Ахборот тизимлари экспертизадан ўтказилади

Институт киберхавфсизлик соҳасидаги ваколатли орган билан келишган ҳолда давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот ресурслари, ахборот тизимлари, шунингдек, муҳим ахборот инфратузилмаси объектлари тоифасига киритилган тизимларни киберхавфсизлик талабларига мувофиқлиги бўйича экспертизадан ўтказади.

Бундан ташқари, киберхавфсизликнинг таъминланганлик даражасини баҳолаш, ахборот тизимлари ва ресурсларининг ҳимояланганлик ҳолатини ўрганиш ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этишга қаратилган ташкилий-техник тадбирлар амалга оширилади.

Институт криптология, ахборот хавфсизлиги, киберхавфсизлик, сунъий интеллект, катта маълумотлар ва рақамли криминалистика соҳаларида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари, миллий стандартлар ва регламентларни ишлаб чиқиш ҳамда такомиллаштиришда иштирок этади.

Хорижий мутахассисларни жалб қилиш мумкин

Институтга республикадаги илмий-тадқиқот, ўқув-таълим ва илмий-ишлаб чиқариш муассасалари, илмий ва таҳлил марказларининг етакчи мутахассисларини, шу жумладан белгиланган тартибда хорижий фуқароларни жалб қилиш ҳуқуқи берилган.

Шунингдек, институт юридик шахс мақомига эга ўқув-илмий, илмий-ишлаб чиқариш, илмий-техник ва консалтинг марказлари ҳамда лабораториялар ташкил этиши мумкин.