01:01 / 21.06.2020
10379

Беларусь президентлигига даъвогар Бабарикога айблов эълон қилинди

Ҳимоя томони Виктор Бабариконинг ҳибсга олиниши устидан судга шикоят қилган, аммо ҳозирча бу бўйича суд бўлиб ўтмаган.  

Виктор Бабарико / Фото: belgazprombank

Беларусь президентлигига даъвогарлик қилаётган Виктор Бабарикога нисбатан Белгазпромбанк иши доирасида айблов эълон қилинди. Бу ҳақда сиёсатчининг адвокати Дмитрий Лаевский маълум қилди.

"Бугун Виктор Дмитриевич билан учрашдик, унга нисбатан айблов эълон қилинган. Қайси модда билан эканлигини айтишим мумкин эмас. Виктор Дмитриевич ўз ҳуқуқи, қарашлари ва пок номини ҳимоя қилиш ниятида", — деди Лаевский.

У шунингдек, ҳимоя томони Бабариконинг ҳибсга олиниши устидан шикоят қилганлиги, аммо ҳозирча бу бўйича суд бўлиб ўтмаганлигини айтди.

Лаевский сиёсатчининг ўғли Эдуард билан бошқа икки адвокат учрашганини маълум қилди.

"Ҳозирча батафсил маълумотга эга эмасман, лекин Эдуард ҳам соғ-саломат эканлигини биламан", — деб қўшиб қўйди адвокат.

Аввалроқ Беларусь телеянгиликлар агентлигининг Telegram-канали Бабарико ва ўғли давлат назорати қўмитасининг молиявий суриштирув департаментига олиб кетилгани тўғрисида хабар қилганди.

Бабарико илгари Белгазпромбанкни бошқарган. У лавозимини тарк этиб, президентлик сайловида иштирок этишини эълон қилганидан сўнг орадан бир ой ўтгач, банкда тинтувлар ўтказилди ва бир нечта ҳисбга олишлар амалга оширилди.

Мавзу
Беларус-2020
2020 йилнинг 9 августида Беларусда президентлик сайловлари ўтказилади. 26 йилдан буён мамлакатни бошқараётган Лукашенко бу сафар ҳам номзодини қўйган.
Барчаси
Top