– Бир муаммо борки, унга ИИВ ҳам, умуман, жамият ҳам эътибор бермаётгандек. Бу – оила ичидаги зўравонлик. Менталитетимизда оила муқаддаслиги айтилади ва оилавий можаролар бўлса, доим яраштиришга ҳаракат бўлади. Оқибатда эридан доимий калтак ейдиган аёл додини кимга айтишни билмай қолади ва ўзини осишгача боради... Оилани сақлаб қолиш учун мана шу давомли зўравонликка йўл қўйиб қўяётгандекмиз... Бу борада олтин ўрталиқни топиш вақти келмадими?

– Юқорида ишсизликни йўқотиш ҳақида гапирдик, бу кўп жанжалларга сабаб бўлади. Оилавий жанжаллар қандай оқибатларга олиб келаётганини ўқиб одам эзилиб кетади. Шу учун ҳукумат ҳам оилага жиддий эътибор беряпти, камбағалликни, ишсизликни йўқотишга ҳаракат қиляпти. Ақли расо одам тарбияни аввало ўзидан, фарзандларидан бошлайди, ўқитади, билим беради. Аммо ота фарзанди билан арақ ичиб ўтирса, пичоқ кўтариб ўғлига урса ёки ўғли пичоқни отасига урса... бу қанақа тарбия?

Ўзбек аёли меҳнаткаш, иболи. Ўзингиз ўйланг, қайси аёл дардини формадаги ички ишлар ходимига айтади? Профилактика инспектори ўша хонадонга борса, аёл юзини бекитиб унга эрим ичиб келади, мени уради дейдими? Аёл фарзандим етим бўлмасин деб гап чиқармайди. Улар дардини хотин қизлар раисаларига айтиши мумкин. Аввал дастурхончилар бўларди одамларнинг уйига кириб ким хотинини ураётганини суриштириб уларни тартибга ҳам чақирарди.

Хотин-қизлар вакиллари бу ишларни қилишяпти, лекин етарли даражада эмас. Баъзи хотин-қизлар раисалари тилла балдоқ билан кириб бориб ҳовли супураётган меҳнаткаш аёлга нима дея олади? Бошга рўмолни ўраш керак, кириб оддий аёлнинг гапини эшитсин, кейин муаммони биз билан ҳал қилиш йўлини қидирсин. Аёл киши дардини кимга айтади? Иболи аёлга айтади.

Агар оиладаги эркак «одам бўлмайдиган бўлса», ичкиликка муккасидан кетган бўлса, биз чора кўришимиз керак, аммо аввал тарбия, кейин жарима. Мен ҳар бир оила сақлаб қолиниши тарафдориман. Жазони иккинчи даражага қўйган маъқул.

– Ички ишлар органларининг имижи шаклланиши ишчи ходимларнинг ҳаракатларига боғлиқ. Айтайлик, бирор воқеага тезкорлик билан муносабат билдириш ҳам муҳим. Халқ орасида «Қонун ҳамма учун бил хил эмасми?» мазмунидаги савол бежизга тарқамайди. Баъзи қўшиқчилар, халқ артистлари ўзларига кўп нарсани эп кўраётгандек. Аммо худди шу ишни оддий одам қилса, жазо олади. Вақти келганда уни хаспўшлайсизлар, руҳий зўриқиш таъсирида бўлган экан, деб. Бу халқ орасида пайдо бўлган фикр. Уларнинг баъзи мулоҳазалари сизларга ҳақоратдек туюлса ҳам керак. Масалан, кабинетдагилар нимани ҳам биларди, дейишлари. Адолат принциплари нимага асосланиши керак?