Унинг синоати шундаки – бу ҳудуддан учиб ёки сузиб ўтаётган сув ва ҳаво кемалари сирли равишда ҳалокатга юз тутади. Бу ҳалокатларни турли табиат ҳодисаларидан тортиб, ўзга сайёраликларгача боғлашади.
Иблис денгизи
Бермуд учбурчагида сув ва ҳаво кемаларининг «сирли равишда ғойиб бўлиши» ҳақидаги қарашни илк бор Associated Press мухбири Эдвард Ван Винкл Жонс 1950 йилда илгари суради ва бу ҳудудни «иблис денгизи» деб атайди.
«Бермуд учбурчаги» иборасини эса ёзувчи Винсент Гаддис 1964 йилда қўллайди – «Агроси» журналида «Ҳалокатли Бермуд учбурчаги» сарлавҳали мақола чоп этиб, унда АҚШ авиация флотига тегишли 19-звено ҳарбий самолётлари шу ҳудудда изсиз йўқолгани ҳикоя қилинади.
Шу билан 60-70 йилларда Бермуд учбурчаги атрофида турли асосли-асоссиз гаплар кўпайиб кетади.
Ваҳималар сабаби
Бермуд учбурчаги паранормал синоатга эгалиги ҳақидаги назарияга ишонувчиларнинг таъкидлашича, 20-асрда 100дан зиёд ҳаво ва сув кемалари бу ҳудудда изсиз йўқолган.
Сирли равишда йўқолиш билан бирга, кемаларнинг бир зумда бир ҳудуддан бошқа ҳудудда пайдо бўлиб қолиши, вақтнинг аномал тарзда ўзгариши каби ҳолатлар айтилади.
Скептик-реалист олим Лоуренс Дэвид Куше «Бермуд учбурчаги: афсона ва ҳақиқат» китобида бу жойга тааллуқли қилиб кўрсатиладиган баъзи ҳалокатлар аслида бошқа ҳудудларда содир бўлганини таъкидлайди. Айрим ҳалокатларнинг эса чиндан ҳам содир бўлгани ҳақида расмий манбаларда ишончли факт ва далиллар мавжуд эмас.
19-звено
Бермуд учбурчаги билан боғланадиган шов-шувли воқеалардан бири АҚШнинг бомбардимон ҳарбий самолётларидан иборат 19-звенонинг ҳалокати ҳисобланади.
Звено 1945 йил 5 декабрда АҚШнинг ҳарбий кучлар базасидан бешта самолёт Форт-Лодердейл сари йўл олади, аммо қайтиб келмайди. Самолётнинг қолдиқлари ҳам топилмайди. Баъзи манбаларга кўра, экипаж яхши об-ҳавода, океан осуда бўлган вақтда парвозга шайланган. Парвоз чоғида учувчилар ҳарбий база билан радиомулоқотда навигация қурилмаларининг ишдан чиққани ва ғайритабиий визуал эффектлар кузатилаётганини айтишади. Самолётлар билан алоқа узилгач, уни топиш мақсадида «Мартин Маринер» гидросамолёти йўлга отланади, аммо у ҳам изсиз йўқолади.
















