Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Шаҳар, шаҳар атрофи ва шаҳарлараро йўналишларда автотранспорт воситалари ҳаракат мунтазамлигини аниқлаш бўйича йўриқномани тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди.

Йўриқномага кўра, ҳаракат мунтазамлиги ташишларни ташкил этишнинг ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш даражасининг асосий сифат кўрсаткичларидан бири ҳисобланади.

Йўналишдаги автотранспорт воситалари ҳаракати агарда автотранспорт воситаси диспетчер томонидан белгиланган вақт ва жадвал бўйича рейсга жўнаб кетса ҳамда барча назорат оралиқ пунктларидан ўз вақтида ўтиб, йўл қўйиладиган тафовутларни ҳисобга олган ҳолда диспетчер ёки қатнов жадвали томонидан белгиланган вақтда охирги бекатга етиб келса мунтазам ҳисобланади.

Ҳаракат мунтазамлиги иккита шартга риоя қилганда таъминланади:

а) йўналиш жадвалида кўзда тутилган барча рейслар тўлиқ (100 фоиз) бажарилганда;

б) автотранспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан қатнов жадвалига аниқ риоя қилинганда ва ҳар бир рейс мунтазамлиги барча ҳайдовчилар томонидан таъминланганида.

Автотранспорт воситалари мунтазам ҳаракатланганда қуйидагилар таъминланиши шарт:

а) йўл ҳаракати хавфсизлиги;

б) автотранспорт воситаларини кутишга йўловчилар вақт сарфини қисқартириш;

в) йўловчилар ҳаракатланишига вақтни қисқартириш;

г) автотранспорт воситаларини тенг миқдорда тўлдириш ва йўналишдаги барча автотранспорт воситалари ўртасида йўловчиларни тақсимлаш;

д) сафар учун йўловчилар томонидан ўз вақтида ҳақ тўлаш имконияти;

е) ташишларнинг юқори ишончлилиги, ўз вақтида амалга оширилиши ва узлуксизлиги;

ж) хизмат кўрсатиш маданияти;

з) автотранспорт воситаларидан фойдаланиш муддатини узайтириш;

и) ҳайдовчилар меҳнат самарадорлигини ошириш, сафарларнинг ўртача узоқлигини қисқартириш ва ташиш таннархини камайтириш.

Қатнов жадвали бажарилиши баҳосини ҳисоблашда бир йўналишдаги белгиланган йўналиш бўйича рейслар, жадвалда кўзда тутилган ва алоҳида жадвал бўйича ҳаракат графигига киритилган айланма рейслар, қисқартирилган ва қўшимча рейслар, шунингдек ноль рейслар қабул қилинади.