Айнан шу можаро туфайли Кавказортидаги икки қўшни республикасида 30 йилдирки ҳануз тинчлик йўқ. «Қўшнинг тинч – сен тинч» деган гап бор. Бу гап кўп марта ўз исботини топган. Шунингдек, хоҳ иккита оила, хоҳ икки давлат бўлсин, бир-бири билан ёвлашиб яшаб бўлмайди. Ўзингиз ўйланг, эрталаб кўчага чиққанингиздан сизни ёқтирмайдиган, ортингиздан гоҳ сизга эшиттириб, гоҳ эшиттирмасдан ҳақоратли сўзлар билан ёмонлайдиган қўшни билан яшаб бўладими?

Ундай қўшнидан-ку уйни сотиб, бошқа ерга кўчиб кетиб қутуларсиз, аммо шу муаммо икки қўшни давлат ўртасида бўлса-чи? Ахир ватан кичик уй эмаски, ёмон қўшнидан қутулиш учун уни сотиб кўчиб кетсангиз. Чингиз Айтматовнинг ўлмас қаҳрамони Гурам Жўхадзе айтганидек «Ватанни олиб кетиб бўлмайди. Фақат соғинч ва армонларни олиб кетамиз. Агар Ватанни хуржун каби олиб юриш ва ташиб кетиш мумкин бўлганда, у сариқ чақага арзимасди...».

Озарбойжон ва Арманистон можароси ҳам чегарадаги одамларини худди шундай мураккаб ҳолатда яшашга мажбур қилмоқда. Бу икки қўшни юрт 30 йилдан бери ёвлашиб келади. Таъсир доираси кучли давлатлар эса уларни яраштириш ўрнига қурол-яроғ сотиш билан банд...

Ижтимоий тармоқларда бу икки мамлакат ҳамда озар ва арманлар муносабати ҳақида ҳаваскор видеолар жуда кўп. Бу видеороликларда блогерлар Арманистон пойтахтида озар ролини, Озарбойжон пойтахтида эса арман миллатига мансуб шахс ролини ўйнашади. Бундай синов видеоларда Арманистонга бориб қолган озарни арманилар, Озарбойжонга бориб қолган арманини озарлар миллатини билган заҳоти сўкиб, ҳақорат қила бошлайди ёки дўппослашга уринади. Бу жуда нохуш ҳолат. Икки давлатнинг бир-бирига муносабатини олов яқинида қолаётган порохли бочкага ўхшатиш мумкин. Олов етиб бориб порохли бочка исталган пайтда портлаб кетиши ва кўпчиликка зиён етказиши мумкин.

Тоғли Қорабоғ тарихи

Тоғли Қорабоғнинг узоқ асрлик тарихи бор. Бу ўлка ўз вақтида Салжуқлар, кейинчалик туркманларнинг Оқ қуюнли, Қора қуюнли уруғларига, ундан сўнг Темурийлар ихтиёрига ўтади. Амир Темур ҳам Қорабоғда бўлган ва бу тоғли ўлканинг об-ҳавоси унга жуда маъқул келган. Амир Темур 1399 йилнинг қишини айнан Қорабоғда ўтказади. Кейинчалик Эрондаги Сафавийлар давлати, ундан кейин Усмонийлар империяси таркибига киради. 19 асрга келиб Усмонийлар империяси билан Россия империяси ўртасида бўлиб ўтган урушлардан сўнг бу ўлка Россия империяси таркибига киради.

Бу ўлкага тарихан кимлар эгалик қилгани бугун унчалик муҳим эмас аслида. Ўрта асрларда дунё батамом ўзгариб кетди ва оқибатда кимлардир ўз еридан айрилди, кимлардир янги ерларга эга бўлди. Энг муҳими шундаки, ХХ асрнинг 90-йилларигача Кавказда яшайдиган миллатлар ўртасида жиддий душманлик бўлмаган. Аммо тил бошқа, эътиқод бошқа бўлгани учун алоқалар унча яхши ҳам эмасди. Икки миллат ўртасидаги кескинлик тарихи 1987 йилга бориб тақалса ҳам, балки бу кескинлик аввалдан бўлган-у советларнинг темир қонунлари туфайли бош кўтармай келгандир.